Москвада Россия Мустақил касаба уюшмалари федерациясининг (ФНПР) ХII қурултойи бўлиб ўтмоқда. Унда аъзо ташкилотлар томонидан сайланган 600 нафар делегат, ФНПР билан ҳамкорлик қилаётган касаба уюшмалари ва касаба уюшмалари бирлашмалари раҳбарлари, 10 та давлатдан миллий касаба уюшма марказлари вакиллари меҳмон сифатида иштирок этмоқда.

Қурултойда бугун Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Қурултой делегатлари ФНПР Бош кенгашининг ҳисоботи билан танишдилар ва Россия касаба уюшмалари ҳаракатининг долзарб масалалари бўйича 15 та резолюцияни қабул қилдилар.

Йиғилишда ФНПРнинг “Aдолатли иқтисодиёт учун!” дастури қабул қилинди. Дастур Россия касаба уюшмалари ҳаракатининг яқин келажакдаги асосий мақсадлари ва тамойилларини белгилаб беради. Унда ишлаб чиқарилган меҳнатнинг умумий миқдоридан даромадни адолатли тақсимлашга йўналтирилган иқтисодиётни барпо этиш, ҳар бир ишчига муносиб иш ҳақи, ижтимоий шерикликни янги давлат мафкураси сифатида белгилаш, бандлик шаклидан қатъи назар, барча ишчиларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқига эга бўлиши ҳақида сўз боради. Дастурда, шунингдек, ахборот ва ёшлар сиёсати, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, касаба уюшмаларининг ички тузилмаси каби мавзулар кўтарилди.

Қурултойда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси делегацияси иштирок этди.

“Россия Мустақил касаба уюшмалари федерациясининг XII съезди дунёдаги таҳликали геосиёсий вазиятда бўлиб ўтмоқда, – деди қурултойда сўзга чиққан делегация раҳбари Қ. Рафиқов. – Биз барчамиз яқинда кўплаб инсонлар ўлимига сабабчи бўлган «Крокус Сити Холл»да ташкил қилинган мудҳиш террористик хуружнинг таъсирида яшамоқдамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ўша куни биринчилардан бўлиб Ўзбекистон халқи номидан Россия Федерацияси Президенти Владимир Владимирович Путинга самимий ҳамдардлик изҳор этди.

Президентимиз ҳалок бўлганларнинг яқинларига самимий ҳамдардлик сўзларини изҳор қилиб, жабрланганларнинг тез фурсатда соғайиб кетишларини тилади”.

Икки давлат касаба уюшмаларининг узоқ йиллик ҳамкорлик тарихига тўхталиб, бугунги кунда бу ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб бораётганига эътибор қаратар экан, нотиқ, жумладан, ҳозирда ҳеч бир мамлакат бундай террорчилик хуружидан кафолатли ҳимояга эга эмаслигига урғу берди.

– Ўзаро яқин қардошлик муносабатларимиздан келиб чиқиб, олти миллионлик Ўзбекистон касаба уюшмалари аъзолари россиялик ҳамкасбларига шундай оғир дамда елкадош ва ҳамдард эканини изҳор қиламиз, – деди ўз сўзида Қудратилла Мирсоатович. – Биз қатъий ишонамизки, Россиянинг улуғ халқи бу синовни ҳам мардона енгиб ўтади ва замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши янада жипсроқ бўлиб бирлаша олади.

– Фурсатдан фойдаланиб, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, – сизларнинг эътиборингизга қуйидаги дўстона таклифимизни кўриб чиқиш учун киритмоқчиман: ушбу террористик хуруждан азият чеккан оилаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бундай оила фарзандларидан 100 нафарини жорий йилнинг июнь ойида мамлакатимизнинг энг яхши болалар оромгоҳларида дам олишларини ташкил қилишни таклиф қиламиз. Болалар Тошкент ва Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишиш имконига ҳам эга бўладилар.

Биз болаларнинг бориш-келиш ва уларнинг Ўзбекистонда бўлиши билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммамизга оламиз.

Нотиқ ўз сўзида икки давлат касаба уюшмаларининг мустаҳкам алоқалари ва ҳамкорлиги энг йирик жамоат ташкилотлари ўлароқ, ўзаро икки давлат муносабатларининг ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

ЎзА