Спорт вазирлигида Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан йиғилиш ўтказилди. Федерация раиси маслаҳатчиси Сардор Каримов ўтган йиллар давомида миллий спортимиз курашни халқаро майдонда ривожлантириш, уни жаҳон спорти дурдонасига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани, миллий спортимизни халқаро даражага чиқаришда замонавий кураш қонун-қоидалари муаллифи Комил Юсуповнинг алоҳида хизматлари борлигини таъкидлади. Иштирокчилар Ўзбекистон кураш федерацияси бошқарув органига янги тайинланган мутахассислар билан таништирилди. Бахтиёр Қодиров мамлакат кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Уйғун Умаров раис ўринбосари вазифасига тайинланганлиги эълон қилинди.

Шундан сўнг кун тартибидаги бир қатор масалалар хусусан, 2024 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган мамлакат чемпионатларида ҳакам ва мутахассисларнинг техник-тактик маҳорати, мусобақаларни ташкил этиш борасидаги камчиликлар, Ўзбекистон кураш федерацияси ходимлари, ижрочи директорлар, ҳакамлар, мураббийлар ва спортчиларнинг Одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси, ижро интизоми каби қатор масалалар кўриб чиқилди. Зарур таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳокамалар жараёнида «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида белгиланган бир қатор ишлар амалга оширилган бўлсада, ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам борлиги айтиб ўтилди.

Йиғилиш якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида Ўзбекистон кураш федерациясининг тегишли бўлим мутасаддиларига, мутахассисларига аниқ вазифалар юкланди.

Т. Рўзиев, ЎзА