Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 5 апрель куни ташриф билан мамлакатимизда бўлади.

Қадимги Хива шаҳрида ўтадиган музокараларда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида кооперация алоқаларини ривожлантириш, транспорт ва энергетика соҳаларида инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, гуманитар дастурларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Давлат раҳбарлари минтақавий кун тартибидаги масалаларни ҳам муҳокама қиладилар.