Аввал хабар қилинганидек, пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» марказий кўргазмалар мажмуида «Металлургия ва металларга ишлов бериш. Дастгоҳсозлик, Машинасозлик. Пайвандлаш» халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Унда Ўзбекистон, Австрия, Озарбайжон, Беларусь, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Италия, Қозоғистон, Қатар, Хитой, Латвия, Корея Республикаси каби дунёнинг 18 мамлакатидан келган компаниялар ўз маҳсулотларини тақдим қилмоқда.

Аҳамиятлиси, ушбу экспозицияда маҳаллий иштирокчилар кўпчиликни ташкил қилади. Улар орасида ишлаб чиқарувчилар қаторида хорижий компаниялар билан ҳамкорликда ишлаётган вакиллар ҳам бор.

Тошкент вилоятидаги «MTE texnik» компанияси иштирокчилар қаторида ўз хизматларини намойиш қилмоқда. Мазкур компаниянинг ижрочи директори Баҳром Турғуновнинг сўзларига кўра, кўргазмада иштирок этиш мақсад ва режаларни амалга оширишда кенг йўл очади.

– Мамлакатимизда ўтказилаётган бу каби кўргазмаларнинг доимий иштирокчисимиз. Шу сабабли, биз барча қулайликлардан оқилона фойдаланишга ҳаракат қиламиз. 2021 йилда компаниямиз фаолиятини йўлга қўйдик. Дастлаб металларга ишлов бериш ускуналарини ички бозорга олиб кирар эдик. Бунда асосан Европа давлатлари билан ҳамкорлик қилганмиз. 2023 йилдан Корея Республиканинг «Hyundai wia» компанияси билан ҳамкорликни бошладик. Бугунги кунда юртимизда ушбу компаниянинг расмий офисини ҳам очдик.

«Hyundai Wia» компанияси «Hyundai Motor Group» йирик миллий холдинги таркибига киради. У автомобил қисмларини ишлаб чиқариш бўйича Корея Республикасида иккинчи ўринда туради. 2000 йилдан буён компания мамлакатнинг дастгоҳ асбоблари бозорида етакчилик қилмоқда.

Биз бу йилги «Металлургия ва металларга ишлов бериш. Дастгоҳсозлик, Машинасозлик. Пайвандлаш» халқаро кўргазмасида» Hyundai Wia» компанияси маҳсулотларини илк бор ҳавола этяпмиз. Асосий мақсад галдаги режаларни «Hyundai Wia» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширишга қаратмоқчимиз. Бунда айнан ушбу кўргазмада иштирок этиш ҳар томонлама шароит яратиб беради.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА