ФИФА Ҳакамлар қўмитаси «Париж-2024» Олимпия ўйинларининг футбол мусобақаларидаги ўйинларни бошқаришда иштирок этадиган 45 давлатдан 89 нафар ҳакамлар рўйхатини эълон қилди.
Олимпия ўйинларини бошқариб боришда 21 нафар ҳакам иштирок этса, уларга қанотларда 42 нафар, видеоўйин расмийси сифатида 20 нафар ва ёрдамчи ҳакам вазифасида 6 нафар ҳакам иштирок этиши белгиланди.
Эътиборли жиҳати, ФИФА эълон қилган «Париж-2024» футбол ҳакамлари рўйхатида ўзбекистонлик ҳакамлар номи ҳам қайд этилди.
Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Илгиз Танташев рўйхатдаги 21 нафар бош ҳакамлар қаторида ўйинларни бошқариб боришда иштирок этиши тасдиқланган. Шунингдек, Олимпия ўйинларининг қанот ҳакамлари сифатида ҳаракатланадиган 42 нафар ҳакамлар қаторидан ҳамюртларимиз Андрей Цапенко ҳамда Тимур Гайнуллин фаолият юритиши назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, «Париж-2024» Олимпия ўйинларининг аёллар футболи мусобақалари жорий йилнинг 25 июлидан бошланиб, 10 августга қадар давом этади. Эркаклар ўртасидаги футбол баҳслари эса 24 июль-9 август кунлари ташкил этилади.
Т. Рўзиев, ЎзА