“Крокус”даги қонли кечадан сўнг Россияда умумий хавфсизлик чоралари юқори чўққига чиқди. Хусусан, мамлакатда янгича тафтиш бошланди. Бу ҳаракат РФдаги асосий ишчи кучи ҳисобланадиган меҳнат мигрантларига қаратилган.
Қолаверса, хорижлик меҳнат муҳожирларига нисбатан маҳаллий аҳоли орасида совуқ муносабат кучайиб кетгани, полиция томонидан текширув авж олгани ҳам маълум.
Ушбу воқеалардан кейин Меҳнат ва аҳолини муҳофаза қилиш вазирлиги мигрантлар фаолиятини назорат қилувчи янги ташкилот тузиш таклифи билан чиқди. Шунингдек, чет эл фуқароларининг Россия ҳудудида бўлишини назорат қилиш Ички ишлар вазирлигига юклатилди.
2 апрель куни Владимир Путин Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида жамоат тартибини сақлаш, экстремизмга қарши курашиш, ноқонуний миграцияга чек қўйиш масалаларига жиддий эътибор қаратиш бўйича кўрсатма берган, айни масалага ёндашувни тубдан янгилаш зарурлигини таъкидлаган.
Путин фикрича, мамлакатга русларнинг урф-одати, давлат тарихи ва тилини ҳурмат қиладиганлар келиши, бу шарт асосий тамойилга айланиши лозим. Шунингдек, “Крокус”даги сўнгги фожиа ксенофобия ва исломофобия кучайишига йўл очиб бермаслиги чорасини кўриш ҳақида ҳам сўз борган.
Президент одамлар гавжум жойларда хавфсизликни янги босқичга кўтариш зарурлигини ҳам уқтирган.
– Афтидан, кимдир мамлакатимизни заиф, деб ҳисоблаган, улар адашади, – деган йиғилишда Путин.
3 апрель маълумотига кўра, ҳужум оқибатида вафот этган болалар 6 нафар, жами қурбонлар 145киши.
Сардорбек Поёнов, Искандар Исматов,
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА