Шимолий Корея янги гипер товушли ракета синови муваффақиятли якунланганини маълум қилди. “Рёнхап” агентлиги маълум қилишича, бу гал “Хвасон-16” ракетаси синаб кўрилган. Энди барча ракеталар қуюқ ёнилғида ҳаракатланади ва ядро зарядини элтишга қодир.

Япония мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, КХДР учирган баллистик ракета 650 километр масофага етиб борган.

***

Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон НАТО мамлакатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари билан учрашув ўтказиш ниятини билдирди. Брюсселда ўтиши кутилаётган учрашувда у барчани Киев учун биргаликда снаряд ва ракета харид қилишга чақиради, дейилган қироллик ҳукумати сайтидаги хабарда.

Кэмерон НАТО давлатларини мудофаа харажатини ошириш ва ҳарбий саноат мажмуаси соҳасида ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ҳам даъват этмоқчи.

***

Туркияда бўлиб ўтган маҳаллий ҳокимият идоралари сайлови натижасига инфляция таъсир кўрсатди, деди Президент Режеп Таййип Эрдоған ҳукмрон партия мажлисида сўзга чиқиб.

– Ҳаёт кечириш қимматлашган, – деди мамлакат етакчиси. – COVID-19 пандемияси, Россия – Украина зиддияти сабаб кучайган инфляция босими ва оқибати 31 мартда бўлиб ўтган муниципал сайлов натижасида акс этди. Кўрилган чора-тадбирлар етарли эмас экан, жамиятнинг турли қатлами, айниқса нафақахўрлар жиддий зиён кўрди.

***

Озарбайжон ижтимоий тадқиқотлар маркази мамлакат ташқи сиёсати бўйича ўтказилган сўров натижасини эълон қилди. Таҳлил респондентларнинг 62,9 фоизи мамлакат олиб бораётган ташқи сиёсатни муваффақиятли, 28 фоизи қисман муваффақиятли, 3,6 фоизи муваффақиятсиз, деб ҳисоблашини кўрсатган. Сўрлганларнинг 5,4 фоизи ушбу саволга жавоб беришда қийналган. 70,1 фоиз иштирокчи фикрича, Туркий давлатлар билан муносабат Озарбайжон ташқи сиёсати кун тартибида муҳим аҳамиятга эга.

***

Қозоғистон мудофаа вазирлиги “Татаристондаги объектларга зарба берган дрон ҳужуми Қозоғистондан амалга оширилган, мазмунидаги хабарларни инкор этди.

 Айрим ижтимоий тармоқ саҳифалари тарқатаётган бундай хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, – дея таъкидланган баёнотда.

***

Россия Федерациясидан мигрантлар чиқиб кетиши Марказий Осиёда русофобия кайфиятини фаоллаштиради, деди КХШТ Бош котиби Имангали Тасмагамбетов “Инерфакс”га берган интервьюсида Москвадаги терактни шарҳларкан.

– Марказий Осиё мигрантларига босим ўтказадиган қадамлар ташланиши уларнинг Россиядан оммавий равишда чиқиб кетишига олиб келади деди у Муаммо фақат шунда эмас, бу ҳолат РФ иқтисодиётининг айрим йўналишларига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, биринчи навбатда Марказий Осиё мамлакатларида русофобия  ва Россияга қарши кайфиятни рағбатлантиради. Оқибатда давлатлараро муносабатларга ҳам путур етиши мумкин. Теракт ташаббускорлари шу йўл билан ўз мақсадларига яқинлашмоқда.

***

Арманистондан кейин Қирғизистон ҳам “Мир” банк картасидан воз кечди.

 Қирғизистон 5 апрелдан бошлаб “Мир” картасига хизмат кўрсатишни тўхтатади, – дея хабар тарқатди “Элкарт” миллий тўлов тизими. – Ушбу қарор АҚШ Россия миллий тўлов тизими – “Мир” карта операторига нисбатан жорий қилган санкцияси туфайли қабул қилинди.

***

1-2 апрель кунлари Пекинда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти котибияти қароргоҳида аъзо давлатлар доимий вакилларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.

“Ховар” агентлиги ёзишича, йиғилишда ШҲТ Котибиятининг 2035 йилгача тараққиёт стратегияси лойиҳаси ҳамда тузилманинг ҳозирги фаолиятидаги долзарб масалалар муҳокама қилинган.

***

Истанбулнинг Бешиктош туманида, 16 қаватли бино ертўласида юз берган ёнғин қурбонлари 29 кишига етди, деб ёзди “АзерТАЖ” агентлиги. Оғир жароҳат олган бир киши даволаняпти.

Адлия вазири Йилмаз Тунч маълум қилишича, ҳодисага айбдор, деб гумонланган беш киши ҳибсга олинган, ёнғин сабаби ўрганилмоқда.

С.Раҳимов,

ЎзА