Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳри Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари пойтахтда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, янги таълим ва туризм объектларида яратилган шароитлар билан танишди, Янги Тошкент шаҳрининг илк иншоотлари қурилишини бошлаб берди.

Давлатимиз раҳбари Халқ депутатлари Тошкент шаҳри Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги сўзининг аввалида пойтахт жамоатчилиги билан кўришиб турганидан мамнунлигини таъкидлаб, бугунги кундаги долзарб масалаларга тўхталди. Дунёдаги, жумладан, ҳамкор давлатлардаги вазиятнинг иқтисодиётимизга, аҳоли даромадларига салбий таъсирини камайтириш энг муҳим вазифалардан экани таъкидланди.

– Ҳар қандай бино ташқи таъсирларга бардош бериши учун унинг пойдевори мустаҳкам бўлиши шарт. Мамлакатимиз пойдевори, бу – маҳалла. Маҳалланинг иқтисодий замини мустаҳкам бўлса, одамлар даромади кўпайиб, яхши яшашга уйи, боласини ўқитишга шароити бўлса, эртанги куни учун хотиржам бўлса, шунда барқарорлик, тараққиёт бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу нуқтаи назардан, мутасаддилар фаолиятидаги сусткашликлар, туманларда ишга солинмаётган имкониятлар кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Тошкент шаҳрида лойиҳа қилиш истагидаги инвестор ва тадбиркорлар кўп. Лекин бунинг учун ер кам. Фойдаланилмаётган жойларни давлат рўйхатидан ўтказиш, 979 та ер участкасини аукционга чиқариш, қишлоқ хўжалигидан саноат ва аҳоли пункти тоифасига ўтган 175 гектарлик ерни бериш орқали уларга шароит яратиш мумкин.

Янгиҳаёт туманида 764 гектар ерда “Янги авлод” махсус саноат зонаси ташкил этилмоқда. Хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар у ерда 2,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклиф билдирган. Бу ҳудудда янада кўпроқ лойиҳаларни жойлаштириб, ўн минглаб иш ўрни очиш имконияти бор.

Иқтисодий фаол аҳолидан 80 минги ишга муҳтож. Шу билан бирга, пойтахтдаги корхона ва ташкилотларда 98 минг бўш иш ўрни мавжуд.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш ишларини ҳам янги ёндашув асосида қайта кўриб чиқиш зарур.

Тошкент шаҳри аҳолиси турмушини янада яхшилаш учун бу каби қилинадиган ишлар жуда кўп. Шу боис сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажариб келаётган Шавкат Умурзоқов номзодини пойтахт ҳокими лавозимига тавсия этди.

Ш.Умурзоқов 1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Кўп йиллар прокуратура тизимида ишлаган. 2018-2023 йилларда “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси бўлган. У ўтган йил мартдан буён Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажариб келмоқда. Маҳаллий кенгаш депутатлари ҳам бир йил давомида унинг ишига баҳо бериш учун етарли имкониятга эга бўлди.

Халқ депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, номзод ҳақида фикрларини билдирди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳри ҳокими этиб тасдиқланди.

Президент Тошкентда натижа қилиш учун имконият ҳам, ресурс ҳам, шароит ҳам етарли экани, бунинг учун шаҳар ва туман ҳокимлари, иқтисодий комплекс вакиллари уйғониб, катта марралар олиб, қаттиқ ишлаши кераклигини таъкидлади.

Йиғилишда шаҳарни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш имкониятлари Юнусобод тумани мисолида таҳлил қилинди.

Сўнгги етти йилда туманга 1 миллиард 700 миллион доллар хорижий инвестиция киритилиб, корхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари 3,5 мингтага, иш ўринлари 20 мингтага кўпайди. 6 минг хонадонли янги уй-жойлар қурилди, 8 мингта янги ўқувчи ўрни ташкил қилинди, 3 та олийгоҳ очилди.

Юнусобод ҳудуди бўйича Тошкент шаҳрида биринчи, аҳоли сони бўйича эса иккинчи ўринда туради. Туманда 64 та маҳалла бўлиб, 376 минг аҳоли истиқомат қилади.

Ҳудуд солиқ тушумлари ҳажми бўйича етакчи. Лекин аҳоли жон бошига ҳисоблаганда юқори эмас. Туманнинг пойтахт саноатидаги улуши энг охирги ўринда.

Шулардан келиб чиқиб, аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишга солинмаган имкониятлар кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, Юнусобод туманидаги 9 та банк филиали йирик мижозлари билан 64 та маҳалла ўртасида “кўприк” бўлади. Улардаги оилалар даромади кўпайса, банк мижози бўлган тадбиркорнинг маҳсулотига талаб ошади. Бундан тадбиркор ҳам, банк ҳам фойда кўради.

Энди банкларга одамлар даромадини кўпайтириш, туман иқтисодиётини барқарор ўстириш бўйича янги масъулият белгиланади. Иш ўрни яратган мижозларга кредит фоизи тушириб борилади. Ҳоким ёрдамчилари эса ишсизларни тадбиркорлар талаби асосида ўқитади.

Мутасаддиларга бу борада “Юнусобод тажрибаси”ни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Юнусобод пойтахтнинг энг қулай қисмида жойлашгани учун “ўсиш нуқтаси” бизнес эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб бераяпти. Янги инвестициялар оқимига шароит яратиш мақсадида эскирган қиёфадаги ёки давлат идоралари жойлашган бинолар ўрнида замонавий савдо, хизмат ва овқатланиш лойиҳаларини амалга ошириш мумкин. Натижада 7 мингта юқори даромадли иш ўрни очилади.

Ер ўта чекланган шароитда бор инфратузилмани вертикал ўстириш орқали саноат ва савдони ривожлантириш зарур. Хусусан, деҳқон бозорларини қават-қават усулда кенгайтириш учун шароит бор. Шунингдек, кичик саноат зонасидаги бино-иншоотларни 3-4 қават қилиб, қайта қуриш ҳисобига қўшимча 200 минг квадрат метр ҳосил бўлади.

Ижтимоий соҳада хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш орқали ҳам мингта иш ўрни яратса бўлади. Масалан, 7-сонли шаҳар шифохонаси учун янги бино қурилса, бўшайдиган ерда кореялик инвесторлар 420 ўринли кўп тармоқли клиника қуриш ташаббусини билдирган.

Умуман, ўрганишлар асосида Юнусободда 600 миллион доллар инвестиция, 35 мингта юқори даромадли иш ўрни имкониятлари аниқланган.

Ҳукуматга барча туманларни шу тарзда ўрганиб, Тошкент шаҳрида 250 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш, 2 миллиард доллар сармоя жалб этиш чораларини кўриш топширилди.

Саноат, инфратузилма, тадбиркорлик ва коммунал соҳаларда илғор хорижий тажрибани жорий этиш вазифаси қўйилди.

Маҳаллалардаги ободлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маҳалла раислари ва нуронийлар миллий қадриятларимизни тиклаб, кўча бўйлари ва ҳовлиларда гулу райҳонлар экиш, дарахт ўстириш, ишкомлар қилиш, озодалик ишларига бош-қош бўлиши зарурлиги айтилди.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги фаолликни рағбатлантириш мақсадида танлов ўтказиб, йил якуни билан энг намунали маҳаллага электромобиль совға қилиш таклифини билдирди. Бу таклиф олқишлар билан қўллаб-қувватланди.

Йиғилиш сўнгида Президент халқ депутатлари, маҳалла раислари, зиёлилар ва ёшлар билан мулоқот қилди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманидаги 5-умумтаълим мактабида бўлди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида таълим тизими ислоҳотлари энг биринчи вазифа этиб белгиланган. Бу борадаги муҳим масалалардан бири – ўқувчи ўринларини кўпайтириш.

Давлатимиз раҳбари янги муассасалар барпо этиш билан бирга, мавжуд мактабларнинг ўзига қўшимча қават ёки ёнидан бино қуриш мақсадга мувофиқлигини айтган эди.

Мазкур 5-мактаб илгари 960 ўринли эди. Лекин ўқувчилар сони 2 мингдан ошарди. Шу боис ўтган йили реконструкция қилиниб, қўшимча бинолар қурилди. Натижада 1 минг 700 та қўшимча ўрин пайдо бўлди.

Мактабда 65 та ўқув, 12 та чет тили ва 5 та компьютер хонасида замонавий шароитлар яратилди. Ўқувчиларни аниқ фанлар, муҳандислик ва технологияларга қизиқтирувчи STEM-лаборатория ва спорт зали зарур анжомлар билан таъминланди, коворкинг ва рекреация ҳудуди ташкил этилди. Мактаб кутубхонасида 5 минг 800 дан ортиқ илмий ва бадиий адабиётлар бор.

Бугун мактабда 2 минг 600 нафарга яқин ўқувчи таълим олмоқда. Ўтган йили 165 нафар битирувчидан 163 нафари олий таълимга ўқишга кирган.

Юртимизда ўғил-қизларни ёшлигиданоқ касбга йўналтиришга катта аҳамият қаратилмоқда. 5-мактабда ҳам юқори синф ўқувчилари тикувчилик, пазандачилик, ёғоч ва металлга ишлов бериш кўникмаларини ўрганаяпти.

Президент ушбу тўгараклардаги шароитларни кўздан кечирди.

Тошкент шаҳри директорлар кенгаши аъзолари билан суҳбатда ўқитувчилар меҳнати ва ҳурмати ҳақида сўз борди.

– Шундай вақтлар бўлдики, педагогликка эътибор сусайиб кетди. Ҳозир бу шарафли касбнинг нуфузини тиклаш, уларни моддий рағбатлантиришга ҳаракат қилаяпмиз. Янги Тошкент шаҳри қурилишини ҳам Педагогика университети биносига пойдевор қўйишдан бошламоқчимиз. Чунки янги Ўзбекистоннинг биринчи замини – ўқитувчилар. Шунинг учун улар доим ўз устида ишлаши, билим ва услубларини ривожлантириб бориши керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Мактабнинг янги имкониятларидан тўла фойдаланиш, таълим сифатини Президент мактабларига яқинлаштирган тарзда ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабини кўздан кечирди.

Мактаб ўтган йили республика бюджети маблағлари ҳисобидан бунёд этилган. 250 ўқувчига мўлжалланган. Жорий ўқув йилида 1-синфга 145 нафар ўғил-қиз қабул қилинган.

Бу ерда ёшлар 12 йўналиш бўйича мактабдан ташқари таълим олади. Ўқувчилар ижодий имтиҳонлар асосида саралаб олинади.

Элликка яқин ўқув ва компьютер хоналари, тадбирлар залида шинам шароитлар яратилган. Кутубхонада 5 минг 500 дан ортиқ ўқув адабиёти ва ноталар жамланган.

Президентимиз санъат маънавий бой авлодни тарбиялашга хизмат қилишини, бунга меҳрни болаликдан бошлаб шакллантириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда умумий таълим тизими билан мусиқа таълими дастурларини уйғунлаштириш муҳимлиги айтилди. Санъат мактаблари билан олийгоҳлар, театрлар ва бошқа маданият муассасаларининг ҳамкорлиги тизимини кучайтириш вазифаси қўйилди.

Мамлакатимизда барча мактаблар чолғу асбоблари билан таъминланиб, ёшларнинг қизиқиш ва истеъдоди ривожлантирилмоқда. Бу анъанавий санъат йўналишлари билан бирга мақом, бахшичилик ва мумтоз мусиқа қадриятларимизни давом эттиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари Шайхонтоҳур туманидаги Гулбозор маҳалласида ҳам бўлди.

Ҳар бир маҳалланинг ўзига хос анъаналари ва имкониятлари бор. Улар “ўсиш нуқтаси”га айлантирилиб, иш ўринлари очиш ва аҳоли даромадларини ошириш манбаи сифатида ривожлантирилмоқда.

Гулбозор Тошкентнинг тарихий қисмида, Чорсу бозори ёнида жойлашган. Бу ерга йилнинг барча мавсумида хорижий туристлар кўп келади. Шу боис ҳудуд туризм хизматларига ихтисослаштирилди. Кўча ва уйларда пойтахтнинг қадимги кўринишини сақлаб қолган ҳолда қўшимча шароитлар яратилди.

Хусусан, барча коммуникация тармоқлари ер остидан ўтказилди. Кўча бошида тарихий дарвоза қайта тикланди. Ўймакор устунли катта айвон, унга яқин жойда ҳовуз барпо этилди. Миллий каштачилик ва ҳунармандчилик устахоналари, новвойхона, миллий ошхоналар, заргарлик дўконлари ташкил қилинди. “Нон тарихи” ва “Қадимги Тошкентга саёҳат” номли кўргазмалар очилди. Уч юлдузли меҳмонхона ҳам бунёд этилмоқда.

Бу кўча Шайхонтоҳур туманида ташкил этилаётган “туризм ҳалқаси”нинг бир қисми бўлади. Бир сўз билан айтганда, бу ерда сайёҳлар қадимийлик ва миллийлик муҳитини ҳис этади.

Маҳалла аҳли давлатимиз раҳбарига ҳудуддаги ўзгаришлар, одамлар ҳаёти ҳақида сўзлаб берди. Бу ерда 2 минг 670 нафар аҳоли яшайди. Савдо, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш ривожлангани натижасида маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланган. “Хавфсиз ҳудуд” тизими жорий этилган. Бу лойиҳа амалга оширилганидан сўнг барча хонадоннинг даромад топиш имконияти анча ошгани қайд этилди.

Президентимиз миллий кийимлар ва амалий санъат маҳсулотларини кўздан кечирди, уларни тайёрлаётган ҳунарманд хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

Давлатимиз раҳбари маҳалладаги сумалак сайлида иштирок этди. Онахонлар тинч-осойишта юртга байрамлар ярашишини, бунинг учун Яратганга беҳисоб шукур қилишларини айтишди. Шавкат Мирзиёев уларни муборак Рамазон кунлари билан табриклаб, эзгу тилаклар изҳор этди. Халқимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб дуолар қилинди.

Мутасаддиларга “туризм ҳалқаси”ни давом эттириб, соҳада бандликни ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Замонавий мажмуалар ҳамма жойда бор. Биз хорижий сайёҳларни буюк тарихимиз билан кўпроқ жалб этишимиз мумкин. Шунинг учун бу ер кечаю кундуз фаолият юритадиган туристик марказга айланиши керак. Бундай этнографик масканларни кўпайтириш, миллий қадриятларимизни намойиш этиш, турли фестиваллар ўтказиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Жорий йил 12 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, туризм масканларини кўпайтириш, ҳудудларни ўзаро боғловчи туризм хизматларини янада кенгайтириш бўйича иш олиб борилмоқда. Бунинг ижросини Гулбозор мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шунингдек, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали дарахтлар, гул-чечаклар экилиб, маҳаллага файз қўшилмоқда.

Бундан бир йил аввал, 18 март куни Янги Тошкент шаҳрининг қурилишига тамал тоши қўйилган эди.

Бунёдкорлик ишларини мувофиқлаштирувчи кенгаш ва дирекция тузилиб, лойиҳалаштириш олиб борилди.

Муқаддас Рамазон ойида бу ерда илк иншоотлар қурилишини бошлаш маросими бўлди.

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, бу тарихий воқеа эканини таъкидлади.

– Бугун “Янги Ўзбекистон” университети ва Тошкент давлат педагогика университетининг кампуслари, Миллий кутубхона, Миллий театр, Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи, ижод мактаби ҳамда Миллий мақом марказига тамал тоши қўямиз. Янги шаҳар қурилиши илм-фан, маънавият масканларидан бошланаётгани бежиз эмас. Булар маърифатли жамият барпо этиш ғоямизнинг асоси ва намунаси бўлади, – деди давлат раҳбари.

Маърифатли жамиятнинг асосий пойдевори мактаб бўлса, муаллим унинг устунидир. Шу боис бу ерда биринчилар қаторида Тошкент давлат педагогика университетининг янги кампуси барпо этилади. У 20 минг талабага мўлжалланган ўқув бинолари, 5 минг ўринли ётоқхона, 300 ўринли боғча, 616 ўринли мактаб, 588 ўринли академик лицей, замонавий спорт комплекси, маданият саройи, амфитеатр ва бошқа объектларни ўз ичига олади. Юқори рейтингли хорижий олийгоҳлар тажрибаси асосида “боғча – мактаб – университет” яхлитлигидаги инновацион педагогик кластер ташкил этилади.

“Янги Ўзбекистон” университети юртимиздаги энг нуфузли олийгоҳ бўлиб, унда муҳандислик, бошқарув, ахборот технологиялари, агротехнологиялар, гуманитар ва табиий фанлар бўйича мутахассислар тайёрланади.

Шаҳарда мазкур университет учун ҳам замонавий кампус қурилади. Хусусан, бу ерда 10 минг талабага мўлжалланган ўқув бинолари, 1 минг 150 ўринли ошхона, кутубхона ва ихчам музей, спорт мажмуаси, олимпия сузиш ҳавзаси барпо этилади. Шунингдек, талабалар учун 2 минг ўринли ётоқхона, профессор-ўқитувчиларга 286 ўринли турар жой қуриб берилади.

Навбатдаги лойиҳа – Ўзбекистон Миллий кутубхонаси учун янги мажмуа. Бу ерда кутубхона фондида сақланаётган 10 миллиондан ортиқ адабиётларни муносиб сақлаш ва бир пайтнинг ўзида 1 минг 420 нафар китобхонга сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилади. Унинг умумий майдони 30 минг метр квадратни ташкил қилади.

Театр санъати халқ маънавияти, ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис Янги Тошкентда халқаро талаблар асосида Миллий театрнинг муҳташам биноси барпо этилади. Унда санъаткорлар учун ҳам, томошабинлар учун ҳам ҳар жиҳатдан қулай шароитлар яратилади. Келгусида у юртимиздаги барча театрлар учун ўзига хос ижодий лаборатория вазифасини бажаради.

Шаҳарда Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, ижод мактаби, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини жамлаган ўзига хос маънавият мажмуаси ҳам қад ростлайди.

Давлатимиз раҳбари бу мажмуаларнинг имкониятлари ва аҳамиятига тўхталиб ўтди.

– Бугун пойдевори қўйилаётган масканлар кўп йиллар халқимиз маънавиятини бойитиш, ёшларимизни ҳар томонлама етук ва баркамол инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилади. Янги Тошкент шаҳрининг нафақат юртимиз, балки минтақамизда ҳам чинакам илм-маърифат ва маданият марказига айланишига катта ҳисса қўшади, деб ишонаман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз рамзий тугмани босиб, бинолар қурилишини бошлаб берди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,  

ЎзА мухбирлари