Хабарингиз бор, жорий йилнинг 23-30 апрель кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида хоккей бўйича U18 ёш тоифасида II Осиё ва Океания кубоги ўтказилади.

Ушбу чемпионатда 10 та терма жамоа иштирок этади ва улар бештадан «А» ва «В» гуруҳга бўлинган ҳолда бош соврин учун рақобатлашади. «А» гуруҳи учрашувлари Тошкентдаги «Ҳумо Арена» мажмуасида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон, Таиланд, Эрон, Малайзия ва Қувайт ўсмирлар терма жамоалари куч синашади. «В» гуруҳидан ўрин олган Мўғулистон, БАА, Ҳиндистон, Макао ва Индонезия ўсмирлар терма жамоалари баҳси Самарқандда ўтказилади. Гуруҳ босқичи баҳсларидан сўнг пойтахтимизда 9, 7, 5, 3 ва 1-ўрин учун ўйинлар бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 17-18 март кунлари Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида ўтказилган I Осиё ва Океания кубогида Ўзбекистон U18 терма жамоаси барча рақибларини енгиб, бош совринни қўлга киритган эди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА