Тайвань шарқий қирғоғида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлди. Шундан сўнг 9 марта 4 ва янада юқори магнитудали афтершок қайд этилди. Орол ва қўшни давлатлар учун цунамидан огоҳлантириш эълон қилинди. Бу ҳақда BBC хабар берган.
АҚШ Геология хизмати маълумотига кўра, зилзила маркази Хуалян шаҳридан 18 км жанубда. Сейсмологлар фикрича, Тайванда сўнгги 25 йил ичида энг кучли ер қимирлаши кузатилган.Кўплаб бинолар қулаб тушган шаҳарда қутқарувчилар ишлаяпти. Пойтахт Тайпейида ҳам замин кучли силкиниб, иншоотлар чайқалган.
Тайвань миллий ёнғин агентлиги ҳозиргача Хуалян яқинидаги миллий боғда бир киши ҳалок бўлганини билдирди. Бошқа маълумотларга кўра, турли ҳудудларда 50 дан зиёд қурбон маълум.Маҳаллий оммавий ахборот воситалари бинолар қулаб тушаётгани, одамлар мактаб ва уйлардан кўчирилаётганини кўрсатмоқда. Орол бўйлаб электр таъминоти ва интернет узилиши кузатиляпти, деб ёзган ички мониторинг хизмати.
Воқеадан кўп ўтмай, Япония ва Филиппинда цунамидан огоҳлантириш эълон қилинди. Кейинроқ кунчиқар юрт метеорология агентлиги огоҳлик даражасини пасайтирди. Барибир, кучли зилзила бир ҳафтагача давом этиши мумкинлиги таъкидланиб, одамлар ҳушёрликка чақирилди.Тинч океанида цунамидан огоҳлантириш маркази зилзиладан икки соат ўтиб, хавф ортда қолганини эълон қилди. Хитой давлат матбуоти зилзила мамлакат жануби-шарқидаги Фуцзян музофотида ҳам сезилгани хусусида хабар тарқатди.
– Зилзила қуруқликка яқин, саёз жойда бошланди, – деди Хитой Тайпейи сейсмология маркази раҳбари Ву Чиен Фу. – Ер силкиниши бутун Тайванда ва қўшни оролларда сезилди.Оролнинг ички қисми рельефи тоғли ҳисобланади. Ижтимоий тармоқдаги кадрларга қараганда, зилзила тоғли ҳудудларда йирик кўчкиларни келтириб чиқарган. Оқибат кўлами ҳали аниқ эмас.
М.Пирматова, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА