Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Халқаро электралоқа иттифоқининг Рақамли ҳукумат бўйича минтақавий форуми бўлиб ўтди.

Форум МДҲга аъзо давлатлар вакиллари, ҳамкорлар ва бошқа манфаатдор томонларни минтақада технологик ривожланиш соҳасидаги ҳозирги ҳолат, рақамли трансформация, сунъий интеллект ҳамда бошқа замонавий ечимлар, мавжуд вазият ва амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирларни муҳокама қилиш учун бирлаштирди.

Халқаро тадбирда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Рақамли ҳукумат лойиҳаларни бошқариш маркази вакиллари иштирок этиб, Ўзбекистонда рақамли трансформация бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимотлар ўтказди.

Шу билан бирга, минтақада рақамлаштиришни ривожлантириш бўйича қўшни давлатлар вакиллари билан ҳамкорликнинг жорий ҳамда истиқболдаги режалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, Халқаро электралоқа иттифоқи ва Қозоғистоннинг Миллий ахборот технологиялари (NITEC) компанияси билан ҳамкорлик истиқболлари бўйича икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

 

Н.Раҳмонова,  

ЎзА