Ўзбекистон давлат мусиқали комедия театрида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, устоз ижодкор Эркин Воҳидов асари асосида саҳналаштирилган “Олтин девор” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди.

Бундан кўп йиллар аввал  Ўзбек Миллий академик драма театрида саҳналаштирилган ушбу спектакль пул, бойлик, олтин  васвасасига тушиб қолишдек таассуфли, ачинарли  ҳолатни юмор воситасида ғоят таъсирчан, ҳаётий тарзда ифодалаб бергани  билан аҳамиятлидир.  Ҳозиргача ушбу спектакль ойнаижаҳон орқали театр мухлислари томонидан севиб  томоша қилинади.  Ундаги айрим ҳазил-мутойиба гаплар халқимиз орасида оммалашиб кетган.  Устоз ижодкор Эркин Воҳидов томонидан 1969 йили яратилган ушбу асарда инсон руҳиятининг турли вазиятлардаги товланишлари ҳазил воситасида жуда теран ифодалаб берилган.  Айни пайтда ушбу спектакль ҳалоллик, инсоф-диёнат, садоқат ҳамма вақт энг олий инсоний фазилатлар сифатида қадрланишига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Ота ҳовлининг эски девори тагидан бир хум олтин топган эски қўшнилар бир-бири билан юз кўрмас даражасига етиши, бойлик сабабли отанинг ўз қизини аҳду паймонлашган йигит қолиб, ўзгага унашишдан ҳам тоймаслигидек ачинарли ҳолат афсуски,  бугунги кунда ҳам учраб туради. Ҳа, ҳар ким ҳар куни эски девор  остидан олтин топиб олаётгани йўқ. Бироқ моддий манфаат, бойлик, ортиқча ҳашам, кўр-кўроналик ҳамда дабдабабозликка ихлос қўйиш одамлар орасини бузаётгани, меҳр-оқибат, одамгарчилик, эзгулик, самимиятга путур етказаётгани  аниқ

Ўзбекистон давлат мусиқали комедия театрида саҳналаштирилган  ушбу спектакль мусиқа намуналари билан бойитилгани аҳамиятга моликдир.

Спектаклнинг постановкачи режиссёри  – Р. Шерезданов, дирижёр – Д. Муталов. Постановкачи рассом Н.Глубокина ушбу спектакль учун бетакрор саҳна декорацияларини яратишга муваффақ бўлган. Рақсларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, балетмейстер Ф.Исаева саҳналаштирган.  Либослар устаси З.Қосимова.  Мўмин ролини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист С.Ортиқов, Абдусалом ролини Ш.Нурушев ижро этган. Шунингдек, Ф.Сафаров, И.Алижонова, Ҳ.Раҳматов, Б.Чўлиев, Д.Қосимова, Ф.Музаффарова каби актёрлар Қиличбек, Дилором, Нодир, Саидмалик, Ҳуринисо каби образларни маҳорат билан  гавдалантирганлар.

“Олтин девор” мусиқали комедияси томошабинларга ғоят манзур бўлди.

 

Н.Усмонова, ЎзА