ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус шаҳрида жойлашган Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида олий таълим даргоҳи раҳбарияти, профессор ва ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Дастлаб институт ректори Б. Жоллибеков ўтган 2023 йил давомида олий таълим даргоҳида амалга оширилган ишлар, эришилган муваффақиятлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар хусусида маълумот берди. Бугунги кунда институтда бакалавриат, магистратура таълим йўналишларининг кундузги ва сиртқи бўлимларида жами 3 минг 528 нафар талаба таҳсил олаётгани, уларга 200 дан ортиқ профессор-ўқитувчи сабоқ бераётгани билдириб ўтилди.

Матбуот анжуманида институт жамоаси журналистларни қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб қайтарди.

Анжуман доирасида пресс-тур ташкил этилиб, иштирокчилар институтда талабалар учун яратилган шароитлар, ўқув ва амалиёт хоналари билан яқиндан таништирилди.

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари институтда Германиянинг GIZ халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган замонавий балиқчилик лабораторияси ва Нукус туманида жойлашган 30 гектарлик деҳқончилик тажриба майдонида бўлди.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА