Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 227-1-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Мазур масала юзасидан Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Алимжон Файзибоев маълумот берди.

Қайд этилганидек, солиқ қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жавобгарликларни янада либераллаштириш зарурияти юзага келгани сабабли қонун лойиҳаси билан Солиқ кодексининг 227-1-моддаси бўйича жарима миқдори 50 бараварга камайтирилмоқда.

Яъни, эндиликда фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартиб-қоидаларига оид ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг икки фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик молиявий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши солиқ қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни янада либераллаштириш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини адолатлилик тамойили асосида белгиланишига, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишига ҳамда тадбиркорлик субъектларига ортиқча харажатлар юкланмаслигига хизмат қилишини таъкидлади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

 

М.Комилова,

ЎзА