АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп Нью-Йорк суди қарори устидан шикоят қилиш учун 175 миллион долларни гаровга қўйди. Мамлакат оммавий ахборот воситалари суд ҳужжатига таяниб, шундай хабарлар тарқатди.

Аввалроқ штат суди Трамп аризасини қондириб, тайинланган 464 миллион долларни 175 миллион долларга туширганди.

– Трамп 175 миллион доллар миқдорида гаров пули тўлади, – деб ёзди “Washington Post”. Ушбу маълумотни “ABC News” ҳам тасдиқлади.

Трампнинг гаровга пул қўйиши Нью-Йорк суди қарори устидан шикоят қилиш учун шарт эди. Суд собиқ президентни, унинг ўғиллари ва бизнес шерикларини Майамида гольф курорти, Вашингтон ва Чикагода меҳмонхоналар қуриш учун кредит олиш мақсадида ўн йил давомида активини атай 812 миллион доллардан 2,2 миллиард долларгача ошириб келганликда айблаган.