Навоий шаҳридаги Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида белбоғли кураш бўйича 2008-2009 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубогида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларнинг 300 нафарга яқин ёш полвони ғолиблик учун кураш олиб борди.
Мусобақада ўғил болалар белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишидаги 14 та вазнда, қизлар эса эркин йўналишнинг 7 та вазни бўйича беллашди.
Икки кун давом этган шиддатли курашлар натижасида ўз вазн тоифаларида Шоҳжаҳон Раҳматов (Тошкент в.), Худойберди Пўлатов (Бухоро), Абдулатиф Нуриддинов (Навоий), Шоҳрух Жўраев (Андижон), Асилбек Муҳаммедов (Фарғона), Искандар Умрзоқов (Наманган), Мувса Жумамуратов (ҚҚР) каби спортчилар ўғил болалар орасида, Паризода Мансурова (Навоий), Жасмина Мамуржонова (Фарғона), Шодиёна Исмоилова (Андижон)лар эса қизлар ўртасида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Ғолиб ва совриндорлар Спорт вазирлиги, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси, Навоий вилоят ҳокимлиги томонидан таъсис этилган диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т. Рўзиев,
ЎзА мухбири