Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик биринчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

314

30 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Дастлаб сенаторлар томонидан “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Таъкидлангандек, янги таҳрирдаги мазкур қонун билан аҳолига ва телекоммуникация соҳасида фаолият юритувчи субъектларга бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Жумладан, бугунги кунда янги қурилган кўп қаватли уйларнинг айримларида тегишли инфратузилма кўзда тутилмагани сабабли қайта қурилиш ишларини олиб боришга тўғри келмоқда. Ушбу оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида бундан кейин бино ва иншоотлар қурилишида замонавий телекоммуникация инфратузилмаси мажбурий бўлади.

Хусусан, кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг аризаси бўлганда хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига бинода мавжуд инфратузилмадан беғараз фойдаланиш имконияти яратилади. Операторларга телекоммуникация инфратузилмаси объектларидан биргаликда фойдаланишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, қонун билан телекоммуникация соҳасида фаолият юритувчи субъектларга бир қатор қулайликлар яратилмоқда.

Қонунга кўра энди банк, тўлов тизими, тўлов ташкилоти, электрон тижорат платформаси иловалари орқали хизматларни кўрсатишда телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритиш учун лицензия талаб этилмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, қонун нормалари Конституцияга мослаштирилиб, телекоммуникациялар соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш эканлиги белгилаб қўйилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, қонунни қабул қилиниши телекоммуникация инфратузилмасидан самарали фойдаланиш имкониятини яратиш орқали хизматлар қамрови ва сифатини оширишга хизмат қилади. Музокаралардан сўнг қонун маъқулланди.

Шундан сўнг ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга ҳамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Маълумки, кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон – янги суд” принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Шунингдек, бугунги кунда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали процессуал кодексларга фуқаролар учун қулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилганлиги судлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур конституциявий кафолатларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилиш, шунингдек, суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлаш, қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни ва зиддиятларни бартараф этиш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилишни, ўз навбатида судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришини, шунингдек, суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаб ўтганидек, қонун суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратишга, судьялар зиммасига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бирор-бир мажбурият юклатилишининг олдини олишга ҳамда улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, шунингдек, қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда фармацевтика ва кимё саноатини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда ривожлантириш ҳамда унга илғор илмий техника ютуқларини ва инновацияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида мазкур қонун билан “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунга дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказиш тартибининг бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда. Шу билан бирга “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларига дори воситаларини рецепт билан ёки рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартибини тасдиқлаш ваколатини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юкловчи, шунингдек, рецептсиз ёки шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари тўғрисидаги ахборотни уларнинг тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаларда ҳамда Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат реестрида кўрсатиш талабини жорий этувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, импорт ўрнини босувчи кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш мақсадида “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонунга юридик шахсларга IV рўйхат доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган айрим прекурсорларни тегишли лицензияларга асосан ишлаб чиқариш ва тайёрлаш ҳуқуқини берувчи ўзгартириш киритилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, қонун аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари тўғрисидаги хабардорлик даражасини оширишга, шунингдек, инвесторларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратишга ҳамда кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда заргарлик саноатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга, заргарлик буюмлари экспортини оширишга, шунингдек, туризм соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун ҳар томонлама имкониятлар яратишга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Айни вақтда заргарлик тармоғини саноатнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва уларнинг савдоси бўйича фаолиятни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг хомашёга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш мақсадида ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган қимматбаҳо тошларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.

Шу билан бирга туризмни янада ривожлантириш, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг самарали фаолиятни амалга ошириши учун уларни қўллаб-қувватлаш ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексини касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари даврда ташкил этиладиган дам олиш уйларининг ва дам олиш зоналарининг мазкур йўналишдаги хизматларни кўрсатишдан олган фойдаси фойда солиғидан озод қилиниши тўғрисидаги норма билан тўлдириш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари даврда ташкил этиладиган дам олиш уйлари ва дам олиш зоналари мажбурий сертификатлаштиришдан озод этилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.

Таъкидлангандек, ушбу қонун маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларни хомашё ресурслари билан таъминлашга ва уларнинг экспорт салоҳиятини оширишга, шунингдек, туризмни ривожлантиришга ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Ялпи мажлисда “Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи тўғрисидаги Битимга ҳамда Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи бюджетини шакллантириш ва ижро этиш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Баённомани (Тошкент, 2022 йил 1 июнь) ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама этилди.

Бўлиб ўтган муҳокамаларда Ўзбекистон Республикасида жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга, оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Бироқ амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштиришга боғлиқ. Шу боис Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга катта аҳамият бермоқда.

Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи бугунги кунда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш ва молиявий жараёнларнинг шаффофлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар ва стандартларни ишлаб чиқиш соҳасидаги етакчи ташкилотлардан бири экани қайд этилди.

Сенаторлар кўриб чиқилган ҳужжат Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи фаолиятини янада ривожлантиришни, шунингдек, асосий вазифаларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришни назарда тутишини таъкидладилар.

Оммавий қирғин қуроллари тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш Евросиё гуруҳи фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Қонун билан Евросиё гуруҳи раиси лавозимига қўшимча талаблар белгилаш ва унинг котибияти ваколатларини аниқлаштириш назарда тутилмоқда.

Евросиё гуруҳи бюджетининг талаблари ва шартларига, яъни, аъзо давлатларнинг улушига, харажатларни тақсимлаш ва бошқа молиявий масалаларга аниқлик киритилмоқда. Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонуннинг қабул қилиниши миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишга, терроризмга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришга хизмат қилади. Қонун Сенат томонидан маъқулланди.

Сенаторлар томонидан “Халқаро меҳнат ташкилотининг Ишлаётган эркаклар ва аёллар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисидаги 156-сонли Конвенциясини (Женева, 1981 йил 23 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидлангандек, Халқаро меҳнат ташкилотининг 156-сонли Конвенциясининг мақсади – хақ тўланадиган ишни бажарадиган ёки бажаришни ҳохлайдиган, ишлаётган аёллар ва эркаклар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятларни таъминлаш, оилавий мажбуриятларга эга бўлган шахсларнинг камситишга учрамаган ҳамда имкон қадар касбий ва оилавий мажбуриятларни уйғун тарзда бирлаштирган холда ўз ҳуқуқларидан фойдалана олишдир. Халқаро меҳнат ташкилотининг 156-сонли Конвенцияси иқтисодий фаолиятнинг барча соҳаларига ва барча тоифадаги ишчиларга нисбатан қўлланилади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур Конвенциянинг барча талаблари Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигига тўлиқ имплементация қилинган. Конвенция ҳозирги кунга қадар Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо бўлган 187 та давлатнинг 45 таси томонидан ратификация қилинган. Улар қаторида Норвегия, Швеция, Испания, Франция, Япония, Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Озарбайжон ва Қозоғистон каби мамлакатлар бор.

Сенаторлар фикрича, Конвенцияни ратификация қилиш келгусида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришда меҳнат муносабатларига тааллуқли бўлган талабларни, халқаро стандартларни самарали жорий этиш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Муҳокама якунлари бўйича қонун маъқулланди.

Сенатнинг эллик биринчи ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланишича, Омбудсман 2023 йилда янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш, соҳага оид миллий қонунчиликни ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда бир қатор ишларни амалга оширган.

Хусусан, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш чоралари кўрилиши туфайли ижобий натижаларга, жумладан, фуқароларнинг Омбудсманга қилган мурожаатлари асосида уларнинг манфаатларига қарийб 2 миллиард сўмлик маблағларнинг ундирилишига эришилган.

Муҳокамалар жараёнида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш бўйича таъсир чоралари кўрилганлиги, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишлари сони ошганлиги қайд этилиб, айниқса, ОАВ ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилинган қийноқ ҳолатлари билан боғлиқ хабарларнинг ўрганилиши ва уларга тезкор муносабат билдирилиши ижобий баҳоланди.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан Омбудсман фаолияти юзасидан айрим таклифлар билдирилди.

Хусусан, қонунда белгиланган таъсир чораларидан янада самарали фойдаланиш, мурожаатларни энг кўп келиб тушган ҳудудлар кесимида ўрганиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда яратилган шарт-шароитларни ва у ерда сақланаётган шахсларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида мониторинг ташрифлари самарадорлигини ошириш, минтақавий вакилларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди. Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда Вазирлар Маҳкамасига муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, улардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, юртимизда экологик ҳолатни яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқлим ўзгаришига қарши курашиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш устувор вазифага айланди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда соҳани бошқарувчи ва тартибга солувчи мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилган. Амалга оширилган ишлар натижасида республикада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар умумий майдони 6,321 миллион гектарга етказилиб, улар мамлакат ҳудудининг 14,08 фоизини ташкил этмоқда.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда эса Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонлар (умуртқали) турларининг 83 фоизи ва ўсимлик турларининг 89 фоизи қамраб олинган.

Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда биохилма-хилликни асраш, уларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот олами вакиллари кадастри юритилишида айрим масалалар мавжудлиги таъкидлаб ўтилди.

Жумладан, аҳоли томонидан ноқонуний тарзда чорва моллари боқилиши ва бошқа салбий омиллар сабаб муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий биомассаси сийраклашган.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг биологик хилма-хиллиги, деградация жараёнлари, уларнинг хўжалик имкониятларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари талаб даражасида эмас.

Инқирозга учраган майдонларни қайта тиклаш ишлари амалга оширилмаганлиги туфайли шамол ва сув таъсирида тупроқ эрозияси кучайиб, чўлланиш, чанг-тўзонларнинг ҳосил бўлиши сурункали тус олмоқда. Сўнгги йилларда турли табиий ва антропоген омиллар туфайли ҳайвонот ва наботот олами турлари сони камайиб, яшаш муҳитларидаги аҳвол янада кескинлашмоқда.

Айрим муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ўрнатилган тартиб, қоидалар (режим) бузилиши, жумладан, браконьерлик, ноқонуний қурилишлар ҳамда чорва моллари боқилиши оқибатида ёввойи ҳайвон ва ўсимликларга зарар етказилмоқда.

Аксарият ҳолларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаяпти. Соҳада мутахассислар тайёрлаш тизими етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги боис, малакали кадрлар етишмовчилиги юзага келган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сенаторлар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда биологик хилма-хилликни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланишга йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, браконьерлик, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси контрабандаси, ноқонуний қурилишларни олдини олиш, чорва молларини боқиш, кадастр маълумотларини шакллантириш ва таҳлил қилиш, соҳани рақамлаштириш лозимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини янада кенгайтириш, улардан самарали фойдаланиш, ижара муносабатларини такомиллаштириш, давлат-хусусий шериклик қоидаларини жорий этиш, ёнғин хавфсизлигини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалий чоралар самарадорлигини ошириш зарурлигига эътибор қаратдилар.

Муҳокама якунида Ҳукуматга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, улардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент сўровини юбориш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.

Шу билан бирга, ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 9 та масала, шу жумладан, 6 та қонун муҳокама қилинди.

Шунинг билан Олий Мажлис Сенатининг эллик биринчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Сенати 

Ахборот хизмати