Ҳамюртимиз Исроил Мадримов жорий йилнинг 8 март куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган профессионал бокс оқшомида россиялик Магомед Курбановни техник нокаутга учратиб, WBA чемпионлик камарини қўлга киритгани ортидан унинг келгусида биринчи ўрта вазн тоифасида WBO йўналиши чемпиони, ҳозирда Австралия шарафини ҳимоя қилаётган Тим Цзю билан рўбарў келиш эҳтимоли борлиги тўғрисида бот-бот айтилди. Аммо энди бу жанг бокс мухлислари учун армон бўладиганга ўхшайди.

Бугун, 31 март эрта тонгда АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳридаги муҳташам «T-Mobile Arena»да ўтказилган навбатдаги профессионал бокс турнирининг натижалари Мадримовни келгусида бошқа бир боксчи билан рўбарў келиши мумкинлигини кўсатмоқда.

Мазкур бокс оқшомининг марказий жангида биринчи ўрта вазн тоифасида WBO йўналиши чемпиони Тим Цзю америкалик даъвогар Себастьян Фундорага қарши жанг ўтказди.

Ўн икки раундга мўлжалланган жанг тўлиқ давом этди. Цзюдан бўйи анча баланд бўлган Фундора ҳакамларнинг қарори билан ғалаба қозонди. Ҳакамлардан бири 116-112 ҳисобида ғалабани Цзюга тақдим этган бўлса, қолган икки ҳакам 116-112 ва 115-113 ҳисобларида Фундоранинг устунлигини эътироф қилди.

Айнан ушбу натижа туфайли истеъдодли боксчимиз Мадримовнинг келгусида Константин Цзюнинг ўғли Тим билан эмас, аксинча унинг рақиби америкалик Себастьян Фундора билан рингда тўқнаш келиши ҳақиқатга анча яқиндек. Аммо Мадримов –Фундора жанги рўй берадими? Буни вақт кўрсатади. Қолаверса, Тим Цзюнинг Фундора билан реванш жангига талабгорлик қилишини, бошқа рақибларнинг ўртада кўриниш беришини ҳам назардан қочирмаслик керак. Лекин профессионал бокс мутахассисларига бир нарса кундек равшан. Бугунги кунда профессионал бокснинг биринчи ўрта вазн тоифасида барча чемпионлик камарларини бирлаштиришга кўп жиҳатдан айнан Мадримов – Фундора “дуэли” ҳақлироқдир. Ушбу ҳақиқатни профессинал бокснинг ҳозирги корчалонлари тан олиш олмаслиги вақт ҳукмига ҳавола.

 

Т. Рўзиев, ЎзА