Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 мартда имзолаган “Оғир атлетика спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда ушбу спорт турини янада оммалаштириш, ёшлар орасидан маҳоратли спортчиларни саралаш тизимини такомиллаштириш, оғир атлетика бўйича замонавий спорт инфратузилмасини яратиш ҳамда миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришишини таъминлаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

Ватан доврўғини достон этадиган профессионал спортчиларни тайёрлашда халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, илғор хориж тажрибаларини ўзлаштириш ҳамда чет эллик малакали мутахассисларни жалб этиш, инновацион технологиялар ва илмий-таҳлилий ёндашув муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур вазифаларнинг тўлақонли таъминланишига эришиш мақсадида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси томонидан халқаро ва қитъавий оғир атлетика федерациялари ҳамда ривожланган давлатлар билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хабар берганимиздек, жорий йилнинг 31 март-11 апрель кунлари Таиланднинг Пхукет шаҳрида оғир атлетика бўйича “Париж-2024” Олимпия ўйинларининг рейтинг очколарини тақдим этадиган жаҳон кубоги мусобақалари ўтказилади.

Шу кунларда мамлакатимиз оғир атлетикачилари мазкур нуфузли мусобақада иштирок этишга ҳозирлик кўрмоқда.

Бугун бошланаётган жаҳон кубогининг расмий тадбирларида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари, Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти, мамлакатимиз оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шахрулла Маҳмудов Таиландда бир қатор хорижий давлатларнинг спорт мутасаддилари, Осиё ва халқаро оғир атлетика федерацияси раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Куни кеча Ш. Маҳмудов Таиландда Осиё оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Алҳарби билан расмий учрашув ўтказди. Мулоқот давомида оғир атлетика спорт турининг қитъамиздаги ривожи, унинг техник-тактик, спорт тиббиёти, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда 2024-йилги мусобақалар тақвими масалалари хусусида сўз юритилди.

Осиё Оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Алҳарби оғир атлетика спорт турини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қарор нафақат Ўзбекистонда, Осиё мамлакатларида ҳам ушбу спорт турининг оммалашувига, маҳоратли спортчиларни тайёрлашга беқиёс ҳисса қўшишини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ва Осиё оғир атлетика федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими ташкил этилди.

Айтиш лозим, мазкур меморандум ўзаро манфаатларга асосланган оғир атлетика спорт туридаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш ва рағбатлантиришга қаратилмоқда. Бундан ташқари, мазкур ҳамкорлик юртимиз оғир атлетика мутахассисларининг жаҳондаги мавқеини оширишга, спортчиларимизнинг қитъа мусобақаларида, халқаро ўқув-машғулотларда илғор тажрибалардан биринчилардан бўлиб фойдаланишда ўзига хос омил яратиши билан ҳам аҳамиятлидир.

 

Т. Рўзиев, ЎзА