Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилаётган дзюдо бўйича «Катта Дубулға» туркумидаги турнирнинг биринчи кунги беллашувларини медалсиз якунлаган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари иккинчи кунги мусобақаларда иштирок этишга ҳозирланмоқда.
Бугун, 30 март кунги мусобақаларда мамлакатимизнинг 6 нафар маҳоратли дзюдочиси баҳсларга киришади.
Кеча Анталия татамиларида кечган шиддатли беллашувларда терма жамоамизнинг 7 нафар аъзоси иштирок этди. Уларнинг биронтаси совриндорлар сафидан жой ола билмади.
Фақат истеъдодли спортчиларимиздан С.Қадамбоева ва Д.Баратов совринли ўринларга яқин келишди. -52 килограмм вазнда кураш олиб борган Сита Қадамбоева бронза медали учун кечган ҳал қилувчи курашда испаниялик Аюми Лейва Санчесга вазари баҳоси билан имкониятни бой берди ва мусобақани кучли бешликда якунлади.
Яна бир дзюдочимиз Дилшодбек Баратов (-60) 7-ўрин билан кифояланди. Қолган дзюдочиларимиз саралаш баҳсларидаёқ рақибларига имкониятни бой беришди.
Мукофот жамғармаси 154 минг евродан иборат турнирнинг бугунги беллашувларида Гулноза Матниязова, Шоҳиста Назарова, Муроджон Йўлдошев, Шаҳрам Аҳадов, Нурбек Муртазоев ва Шарофиддин Болтабоев медаллар ҳамда “Париж-2024” Олимпиадасининг рейтинг очклари учун кураш олиб боришади.
Халқаро турнир эртага якунланади.
Т.Рўзиев, ЎзА