Жорий йилнинг 31 март – 11 апрель кунлари Таиланднинг Пхукет шаҳрида оғир атлетика бўйича Париж-2024 Олимпия ўйинларининг рейтинг очколарини тақдим этадиган жаҳон кубоги мусобақалари бўлиб ўтади.

Ёзги Олимпия ўйинларининг рейтинг очколари ўйналадиган энг сўнгги турнир бўлганлиги боис ушбу мусобақага халқаро майдонда қизиқиш юқори.

Мазкур жаҳон кубоги баҳсларида маҳоратли спортчиларимиздан Достон Ёқубов(-73), Муҳаммадқодир Тоштемиров(-73), Сарвар Зафаржонов(-89), Акбар Жўраев(-109), Шарофиддин Амриддинов(-109), Жамила Панфилова(-49), Нигора Абдуллаева(-55), Ригина Адашбоева (-81), Нигора Сувонова(-87), Турсуной Жабборова(+87) ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш билан бирга бир қатор спортчиларимиз олимпия ўйинларининг рейтинг очколари учун кураш олиб боришади.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг биринчи таркиби эртага, 30 март куни жаҳон кубогига йўл олса, иккинчи таркиб 5 апрель куни ва учинчи таркиб эса 7 апрель куни Таиландга йўл олади.

Спортчиларимизнинг баҳсларда иштирок этиш муддатига тўхталадиган бўлсак, жаҳон кубогининг илк баҳсларида ўз иштирокини ҳамюртимиз Жамила Панфилова 1 апрель кунги иштироки билан бошлаб беради.

Токио-2020 Олимпиадаси олтин медаль соҳиби, жаҳон чемпиони Акбар Жўраев жаҳон кубоги медаллари учун курашга 10 апрелдан киришади.

Т. Рўзиев, ЎзА