Адолатли, шаффоф ва мунтазам сайлов замонавий демократик давлатнинг асосий хусусиятидир. Демократиянıнг бирламчи шарти шундан иборатки, бошқарувчилар ўз ваколати ва ҳокимият кучини сайловчидан, яъни бошқарилувчидан олади. Бу ваколат мунтазам сайлов орқали янгиланиб боради. Сайлов орқали фуқаро ўз номзоди сиёсати ва фаолиятига овоз беради, ижобий ёки салбий баҳолайди.
Туркия 1946 йил кўп партиявийлик жорий қилингандан бери мунтазам, адолатли ва шаффоф сайлов ўтказиладиган мамлакатлар рўйхати етакчилари сафида. Мамлакатда сайлов Олий сайлов кенгаши (ОСК) томонидан мустақил судьялар назорати остида ўтказилади ва хавфсизлик, фуқароларнинг жараёнга ишончини таъминлаш нуқтаи назаридан ривожланган сиёсий маданиятга эга.
Сайлов ва овоз бериш жараёнига ишонч халқ иштироки кўрсаткичида ҳам намоён. 2023 йил 14 май куни бўлиб ўтган Президент ва Парламент сайлови билан Туркия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) давлатлари орасида иштирок даражаси бўйича энг юқори нисбатга эга 3-давлат бўлди.
ОСК маълумотига кўра, ушбу тадбирда ички иштирок даражаси 88,92, Президент сайловининг иккинчи босқичида 85.72 фоизни ташкил этди.
ИҲТТ, Халқаро демократия ва сайловга ёрдам институти хулосасига кўра, мамлакат бу борада АҚШ, Франция, Германия, Буюк Британияни, шунингдек Швеция, Дания, Янги Зеландия, Исландия, Нидерландия, Норвегия каби сайловда қатнашиш кўрсаткичи 80 фоиз атрофида бўлган давлатларни ортда қолдирди.
Бугун – 31 март, якшанба куни маҳаллий ҳокимият органлари сайловида яна бир бор овоз берадиган Туркия демократик қадриятга содиқлик, маҳаллий ҳукуматга нисбатан инновацион қарашда собит. Маҳаллий ҳокимиятга умумий сайлов миллий ва халқаро миқёсда улкан аҳамият касб этмоқда. Айни пайт хавфсизлик ва адолат шароитида кечган сайлов кампаниялари республиканинг маҳаллий ҳукуматга аҳамият нуқтаи назаридан минтақада етакчи демократик давлатлардан бири эканидан дарак беради.
Халқнинг талаб ва эҳтиёжини қондиришда бирламчи босқич – маҳаллий ҳокимликлар замонавий стандартга мос дунёқараш ва истиқболга эгаликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш жоиз. Бу жараён халқнинг демократик фаоллиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари билан мулоқотини кучайтиришда самара бераётгани ҳам ҳақиқат.
Бизда кўп йиллардан буён мавжуд инновацион муниципалитет ёндашувининг фарқли томони – технология ва барқарор ривожланиш лойиҳалари билан бир қаторда, инсонларнинг турмуш сифатини яхшилаш, шаффофлик, ҳар қандай шароитда жавобгарлик ва энг муҳими, ватандошларимиз манфаатига йўналтирилган маъмуриятни қуришга қаратилган. 1994 йилги маҳаллий сайловдан сўнг Истанбул шаҳри ҳокимлиги бошқарувини қўлига олган Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан шаҳар бошқаруви соҳасида аҳоли турмушини яхшилаш йўлида муҳим қадамлар ташланди.
Амалдаги давлат раҳбари томонидан 30 йил аввал илгари сурилган хизмат сиёсати ва қарашларини давом эттириш муниципалитетларнинг асосий сиёсий қараши билан уйғун. Шу маънода бугунги маҳаллий ҳокимият органларига сайлов ҳам худди шундай қараш ва хизмат тушунчасини сақлаб қолиш, демократик қадрият, ижтимоий яхлитликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Туркия учун демократия йўлидаги яна бир муҳим босқич сифатида баҳоланаётган навбатдаги маҳаллий сайлов ҳам минтақадаги етакчиликни мустаҳкамлайди, деб ҳисоблаймиз ва мамлакатимиз демократик камолоти, ижтимоий фаоллигини оширадиган муҳим фаолият ўлароқ қабул қиламиз.
Бундан ташқари аввалги барча сайловлар каби бу галгиси ҳам турк халқининг демократик жараёнда янада самарали иштирок этишига имкон беради ва бу орқали демократиямизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бу сайловдан кейин 4 йил ичида бошқа сайлов бўлмайди. Туркия кейинги 4 йил ичида Президентимиз бошчилигида тараққиёт ташаббусларини жадал давом эттиради. Сўнгги йилларда коммуникациядан дипломатиягача, иқтисодий ривожланишдан инфратузилмага сармоя киритишгача ҳар бир соҳада кўрсатилаётган хизмат давом эттирилади. “Туркия асри”га янги ва фуқаролик конституцияси билан кириш мақсади, келгуси 4 йилнинг энг муҳим идеали ва кун тартиби бўлади.
Ушбу қараш доирасида Туркия демократик стандартини юксалтирган, даромад ва фаровонлик даражасини оширган, минтақавий ва глобал давлат қуриш даъвоси билан ҳаракатланишда давом этади. Минтақавий ҳамкорлик ва шериклик алоқаларини яхшилаш орқали “Туркия асри”ни “Туркий дунё асри”га айлантириш ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолади.
Асосий сиёсий шиоримиз – Туркий давлатлар ташкилоти янада муҳим аҳамият касб этиши ва Турк дунёси муаммоларига доимий ечим топишда янада таъсирли, самарали тузилмага айланишига эришиш.
Туркия 31 март куни нафақат демократия маданиятига яна бир муваффақиятли сайловни қўшади, балки барча вилоятлар, айниқса Истанбул ва Анқара каби йирик шаҳарларини “Туркия асрига” тайёрлайди. Миллий тараққиёт, ўтган йил 6 февралдаги зилзилада зарар кўрган ҳудудларни тиклаш ва қайта қуриш, Истанбул каби зилзила хавфи юқори шаҳарлар чидамлилигини ошириш сайловдан кейинги муҳим вазифаларимизга айланади.
Юртимиз бундан буён ҳам ҳар қандай сайловни демократик тамойил доирасида ўтказади, амалдаги ҳукумат ҳам, мухолифат ҳам сайлов натижасига бирдек ҳурмат билан қарайди ва энг муҳими халқаро майдонда барқарорлаштирувчи куч сифатида “Туркия асрини” барпо этишда давом этади.
Хуллас, маҳаллий бошқарув идораларига навбатдаги сайлов, ички ва ташқи динамикаси жиҳатидан, мамлакатни келгуси ўн йиллик марралар сари элтишга қодир яна бир тадбир, дейиш мумкин.
Фаҳреттин АЛТУН,
Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги
Коммуникация бошқармаси бошлиғи, профессор
ЎзА