Нукус ва Урганч гарнизонларидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, Қуролли Кучлар захирасига бўшатилган аскарлар тантана билан кузатилди.
Бир йил давомида умумҳарбий тайёргарлик машғулотларида маънан ва жисмонан тобланган, мусофирчиликда ота-она ва яқинлари қадрини янада теранроқ ҳис этган, бир сўз билан айтганда, армияда ҳаёт мактабини ўтаб, анчагина улғайиб қолган юртимизнинг энг сара ўғлонларининг оила бағрига қайтиш фурсати келди.
Ҳарбийча ҳаётга анча мослашиб, ҳарбий жамоада ўз ўрнига эга бўлиб қолган ёшларда бир томондан, ота-она, яқинлари билан кўришиш истаги жўш ураётган бўлса, иккинчи томондан, ҳарбий жамоа ва уйдек бўлиб қолган ҳарбий қисм билан хайрлашиш осон эмас.
Армия сафларида тобланган ёшларни уйга кузатиш тадбири Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов билан самимий суҳбатдан бошланди. Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг тантаналар залида байрамона либосда йиғилган муддатли ҳарбий хизматчиларга қўмондон миннатдорлик билдириб, бу бир йил улар ҳаётида бесамар кетмаганини, шу ерга келиб, анча улғайиб, дунёқараши кенгайганини эътироф этди. Уйларига эсон-омон етиб бориб, катта ҳаётда ўз ўрнини топишида муваффақият тилади.
Шундан кейин ҳарбий қисмларда намунали хулқи, муддатли ҳарбий хизмат давомида алоҳида эътирофларга сазовор бўлган ҳамда тест синовларидан муваффақиятли ўтган йигитларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёз берувчи тавсияномалар тантанали тарзда топширилди.
Сўзга чиққанлар ҳар бир йигит кишининг бурчи бўлмиш Ватанни қўриқлаш каби масъулият ҳаммага ҳам насиб этавермаслигини, сафда турган ўғлонлар энг сара йигитлар эканини таъкидлаб, уларга келгуси ҳаётда улкан зафарлар тилашди.
Муддатли ҳарбий хизматчилар, анъанага мувофиқ, сафда тантанали марш юриш билан ҳарбий ҳаёт билан хайрлашди. Шартнома бўйича ҳарбий хизматни давом эттиришга истак билдирганлар учун эса янги марра ва синовларга тўла ҳарбий ҳаёт бошланди.
Йигитлар Мудофаа вазирлигининг буюртмасига асосан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан тақдим этилган махсус ҳарбий эшелон билан ҳарбий оркестр садолари остида уйларига жўнаб кетди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари