Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлаш борасида назорат тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2023 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган 707 объектда олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатли ва муддатида бажарилиши, ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан ажратилган 1,3 триллион сўм маблағнинг мақсадли сарфланиши устидан тизимли назорат олиб борилди. Назорат тадбирлари давомида 140 ҳолатда сифатсиз бажарилган 3,1 миллиард сўмлик, 81 ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилган 34,4 миллиард сўмлик ишлар аниқланиб, бартараф этилиши таъминланди. Вазифаларни бажармаган 41 нафар масъул шахс интизомий, 152 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланиб, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 28 та жиноят иши қўзғатилди.
Жорий йилда ҳам 1,2 триллион сўмлик 201 объектда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари устидан прокурор назорати олиб борилмоқда. Бу йил ҳам асосий эътибор қурилиш соҳасида лойиҳалар ишлаб чиқишда, уларни экспертизадан ўтказишда, тендер савдоларини амалга оширишда ва умуман, қурилиш жараёнларининг барча босқичларида қонунийликни таъминлашга қаратилган. Аммо айрим масъуллар томонидан қурилиш соҳасида мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Хусусан, 2023 йил давомида қурилиш соҳасида давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тизимида иштирок этувчи масъул шахслар томонидан “Шаффоф қурилиш” тизимига айрим пудратчи ташкилотларнинг манфаатларини кўзлаб, сохта маълумотлар киритиш орқали уларнинг тендер савдоларида ғолиб бўлишига эришилган. Аниқланган ҳолатлар юзасидан 6 та идора ва ташкилот масъулларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири