Йил якунига қадар болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 76 фоизга етказилади
Бу ҳақда Миллий матбуот марказида ўтказилган Мактабгача таълим агентлиги фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда тизимда жамоатчилик назоратини такомиллаштиришга қаратилган анжуманда сўз юритилди.
– Мактабгача таълим тизимида 2024 йилда қатор устувор вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда, – деди Мактабгача таълим агентлиги директори Агриппина Шин. – 2024 йил якунига қадар болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 76 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамров даражасини 96 фоизга етказиш асосий устувор вазифаларимиздан ҳисобланади.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва болаларнинг мактабгача таълим билан янада кенгроқ қамраб олинишини таъминлаш борасида қатор ижобий натижаларга эришилмоқда.
Жумладан, 2017 йилда мактабгача таълим ташкилотлари сони 5 211 тани ташкил этган бўлса, соҳага нодавлат секторни кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакатда илк маротаба давлат-хусусий шериклик тизимини жорий қилиш натижасида 2023 йилга келиб, мактабгача таълим ташкилотлари сони 6,5 баробарга ортиб, 33 942 тага етди.
Мактабгача таълим хизматларини янада кенгайтириш мақсадида мактабгача таълимнинг муқобил шакллари яратилди. Хусусан, барча болаларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида 25 мингта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиб, 662 минг нафар бола қамрови таъминланди.
Мактабгача таълим ташкилотларини қуриш имкони мавжуд бўлмаган олис ва чекка ҳудудларда «Ақлвой» лойиҳаси доирасида156 та маҳаллада қайта жиҳозланган 72 та «ISUZU» автобуслар негизида 429 та мобиль гуруҳлар ташкил этилиб, уларга 9,5 минг нафар бола қамраб олинди.
ЮНИСEФ билан ҳамкорликда ташкил этилган 20 та «Турли хил ёшдаги мактабгача таълим гуруҳлари»га 496 нафар бола қамраб олинди.
Жаҳон банкининг «Болани эрта ривожлантириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилган «Илк ривожланиш марказлари»га жами 1 600 нафар бола жалб этилди.
Республикадаги 3 519 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида 535 160 ўринли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА