Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ислом тараққиёти банки иштирокида “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” (2-босқич) лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки  ўртасида «Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш» (2-босқич) лойиҳаси бўйича 2023 йил 26 апрелда 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 260 миллион АҚШ доллари миқдорида Ҳадли келишув ва Агентлик келишуви имзоланган эди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 293,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, шундан Ўзбекистон Республикасининг улуши 33,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Лойиҳа Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг 21 та туманидаги 157 та маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилиши, амалга ошириш даври 5 йилни (2024-2028 йиллар) ташкил этиши белгиланган.

Президент қарори билан:

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, ИТБ томонидан ажратилган қарзлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

Лойиҳа доирасида сублойиҳаларни лойиҳаловчи ва пудрат ишларини амалга оширувчи ташкилотларни танлаб олиш ИТБ талаблари асосида ва ушбу талабларга зид бўлмаган давлат харидлари тўғрисидаги тартиб-таомиллар асосида очиқ ва шаффоф усулда амалга оширилади;

Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи барча ташкилотлар Лойиҳа бўйича имзоланган Ҳадли келишув ва Агентлик келишувларида кўрсатилган механизмлар талабларига амал қилади;

Лойиҳани амалга ошириш доирасида танланган қишлоқларда зарурий сублойиҳалар аниқлангандан сўнг, ҳар бир вилоят бўйича амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар юзасидан белгиланган тартибда Лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари ишлаб чиқилади ва экспертиза органларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади;

Лойиҳани амалга оширишда Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси» ДУКлар буюртмачи ҳисобланади;

Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи билан «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси» ДУКлар ўртасида ҳамкорлик келишувлари имзоланади.

Қарор билан “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий параметрлари;

“Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасининг ҳудудлар кесимида асосий техник-иқтисодий параметрлари;

“Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” (2-босқич) лойиҳаси доирасида ИТБ томонидан ажратилган маблағларни бўлиб тўлаш  прогноз жадвали тасдиқланди.

 

ЎзА