Жорий йилнинг 18-19 май кунлари Самарқанд шаҳрида триатлон бўйича жаҳон кубоги (“World Triathlon Cup Samarkand – 2024”, “World Triathlon Para Cup Samarkand – 2024”) баҳслари бўлиб ўтади. Шунингдек, мусобақа доирасида Ўзбекистон чемпионати ҳамда Осиё триатлон конфедерациясининг навбатдаги форуми, Марказий Осиё триатлон ассоциациясининг конгресси ўтказилади.
Шу муносабат билан мусобақаларни ўтказиш бўйича тузилган тезкор штабнинг дастлабки йиғилиши бўлиб ўтди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун ва бошқа масъуллар мусобақанинг ташкилий ишлари билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
Асосий эътибор нуфузли мусобақани ҳар томонлама хавфсиз, кўтаринки руҳда ўтказиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга қаратилди. Бу галги мусобақалар Eurosport, Жаҳон триатлон федерацияси расмий каналлари ва бошқа нуфузли хорижий телеканаллар орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилиши белгиланган. Шу боис, тайёргарлик жараёнларига ҳар бир мутасадди ташкилот алоҳида эътибор билан ёндашиши лозимлиги қайд этилди.
– “World Triathlon Cup Samarkand – 2024”, “World Triathlon Para Cup Samarkand – 2024” жаҳон кубоги баҳслари дунё эътиборидаги мусобақалардан бири, – деди Ўзбекистон триатлон федерацияси ижрочи директори Руслан Кулиев. – Чунки, мазкур мусобақалар спортчилар учун Париж олимпиадасига йўлланма олишда яна бир имконият ҳисобланади. Шу боис, мусобақага қизиқиш жуда юқори. Унда 300 нафардан ортиқ халқаро тоифадаги профессионал спортчи қатнашиши кутилмоқда. Жаҳон триатлон федерациясининг нуфузли мусобақасини юқори савияда ўтказиш бўйича тегишли ташкилотлар вакиллари билан ўтган йили ўтказилган халқаро мусобақалар давомида тўпланган тажриба ҳамда кузатилган камчиликлар асосида атрофлича фикрлашиб, амалга ошириладиган чора-тадбирлар, вазифаларни белгилаб олдик.
Йиғилишда мусобақалар ўтказиладиган йўналишларда хавфсизлик чораларини таъминлаш, ушбу йўналишларни мусобақа талабларига мос тайёрлаш, мусобақа давомида талаб этиладиган транспорт, техник воситалар таъминоти ва бошқа зарур чора-тадбирлар бўйича масъул ташкилотлар вакилларига тегишли топшириқлар берилди.
Жорий йилнинг 7-8 сентябрь кунлари триатлон бўйича “Challenge Samarkand — 2024” халқаро мусобақаси ҳам ўтказилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари