Айни кунларда, мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турлари билан шуғулланаётган спортчилар ёзги Олимпия ўйинларига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

2024 йилги Олимпия ўйинларига тайёргарлик дастурига мувофиқ, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси томонидан Тошкент вилоятидаги «Янгиобод» спорт базасида халқаро ўқув-машғулот йиғини ташкил этилмоқда. 10 апрель кунига қадар давом этадиган мазкур йиғинда мамлакатимиз терма жамоаси аъзоларидан ташқари Россия ва Иордания терма жамоалари ҳам қатнашмоқда.

Мазкур йиғинда спортчиларнинг маҳоратини янада оширишга хизмат қилаётган терма жамоамиз мураббийи Жасур Бойқўзиев ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Ҳозирги машғулотларда асосан жисмоний тайёргарликни кучайтиришга кўпроқ аҳамият қаратилмоқда. Йиғин жамоалар учун аввало, «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинлари, шунингдек, май ойида ўтадиган қитъавий чемпионатларга тайёргарлик вазифасини ўтайди. Йиғинда Ўзбекистон терма жамоаси таркибидан 25 нафар шогирдимиз 8 нафар мураббий қўл остида шуғулланмоқда. Россия терма жамоасида 35 га яқин, Иорданияда 6 таэквондочи ва 2 мураббий, Беларусь терма жамоаси сафида эса 10 нафарга яқин спортчи ҳамда икки мураббий иштирок этмоқда.

Машғулотлар бир кунда икки маҳал ўтказилмоқда. Ўқув-машғулот йиғини давомида спортчиларимизни бошқа давлат спортчилари билан кўпроқ спаррингга туширмоқдамиз ва ундан сўнг хато-камчиликлар устида ишланмоқда. Барчамизга маълумки, ҳозирги кунда россиялик таэквондочилар жаҳонда энг кучлилар қаторида саналади. Иордания вакиллари ҳам тажрибали спортчилари билан юртимизга келган. Жумладан, йиғинда Олимпия ўйинлари совриндори, жаҳон ва кўплаб халқаро мусобақалар ғолиблари иштирок этмоқда. Аниқроғи, Россиядан Олимпия чемпиони Владислав Ларин, бронза медали соҳиблари Михаил Артамонов ва Татяна Минина, Иорданиядан Олимпиада вице-чемпиони Салеҳ Элшарабатий, жахон чемпионати совриндори Заид Ал-Халавани ва Гран-при ғолиби Зайд Абдул Карим, Беларусьдан эса жаҳон чемпионати кумуш медаль соҳиби Георгий Гурсиевдек таниқли спортчилар келган. Тўғри, бизнинг спортчиларимиз улардан асло қолишмайди ва буни сўнгги йилларда эришаётган ютуқларимиз мисолида кўриш мумкин. Аммо спорт тинимсиз меҳнатни, ўз устида ишлашни талаб қилади. Бу галги халқаро ўқув-машғулот йиғинида Россия ва Иордания терма жамоасидан ўзаро тажриба алмашишни мақсад қилганмиз.

Олдимизда турган режалар ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсам, ушбу йиғиндан сўнг, Тунис, Мўғулистон ва Саудия Арабистони терма жамоаларини мамлакатимизга таклиф қилмоқчимиз ва май ойида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати ҳамда ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўрмоқчимиз.

Шунингдек, асосий мақсад Олимпиадада муносиб иштирок этиш ва юртимизга ёруғ юз билан қайтишдир, – дейди Жасур Бойқўзиев.

Маълумот учун, «Янгиобод» спорт базасида ўтаётган халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этаётган терма жамоалар «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинларига тўлиқ таркибда йўлланма олган.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА