Ўзбекистон Республикаси Президенти “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Маълумки, Республикада барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш ва ўрмон ресурсларини самарали бошқариш, шунингдек, «яшил иқтисодиёт»ни қўллаб-қувватлаш чораларини изчил давом эттириш мақсадида 2023 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро тараққиёт уюшмаси ўртасида битим имзоланган эди. Ушбу битим доирасида «Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳасини амалга ошириш учун 5 йиллик имтиёзли давр билан 30 йил муддатга жами 142 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан PROGREEN траст жамғармаси ҳамда Корея Республикасининг KWPF жамғармаси ўртасида тузилган грант битимлари доирасида жами 11 миллион АҚШ доллари миқдорида грантлар жалб этилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 205,45 миллион АҚШ долларини, шу жумладан лойиҳадаги Ўзбекистон Республикасининг улуши 52,45 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, амалга ошириш даври 6 йил (2023-2028 йиллар) этиб белгиланган.

Президентнинг ушбу қарори билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўрмон хўжалиги агентлиги лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, мувофиқлаштирилиши ва бошқарилиши ҳамда жалб этилган қарз маблағлари ва грантлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисобот юритилиши, қарз маблағлари ўз вақтида қайтарилиши учун масъул ижро этувчи органлар ҳисобланади.

Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи ташкил этилади.

Қарор билан «Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳасининг техник-иқтисодий параметрлари;

«Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳаси бўйича Халқаро тараққиёт уюшмасининг қарз маблағларини жалб этиш ва қайтариш миқдорлари;

«Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида Халқаро тараққиёт уюшмасининг қарз маблағларидан фойдаланиш, уни қайтариш, комиссия ва фоиз тўловларини тўлашнинг прогноз жадвали;

«Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»;

«Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳаси доирасида Жиззах, Наманган, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида амалга ошириладиган чора-тадбирлар тасдиқланди.

ЎзА