Нукусда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти, Нотариал палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида “Нотариуслардан ҳуқуқий билимлар” шиори остида бепул ҳуқуқий акция ўтказилди.

Тадбирнинг мақсади аҳолининг ҳуқуқий онгини, маданиятини ошириш, аҳоли билан ўзаро алоқалар механизмини яратиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида амалдаги муаммо ва камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган фикр ва таклифларни тайёрлашдан иборатдир.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида  2020 йилдан буён “Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” бепул акцияси ўтказилиб келинмоқда. Ташриф буюрувчиларга соҳада амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар, нотариал идораларда иш юритиш қоидалари ва “E-notarius.uz” ахборот портали таништирилди. Шунингдек, юқори малакали нотариус мутахассислари томонидан оила ҳуқуқи, мулкий ва номулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар тўғрисида ва нотариал ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида бепул ҳуқуқий маслаҳат берилди.

– Бундай акцияларнинг ўтказилиши аҳолига анча қулайлик яратади, – дейди Хўжайли туманидан Замир Таджимуратов. – Бу ерга ишончномани расмийлаштириш юзасидан келган эдим. Мутахассислар менга бу бўйича маслаҳат берди. Ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари