Хабарингиз бор, куни кеча Осиё қитъасида футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати ва 2027 йилги Осиё кубоги қўшма саралаш босқичида терма жамоалар 4-тур учрашувларини ўтказди.

Саралашнинг «A» гуруҳида Афғонистон сафарда Ҳиндистон терма жамоасини 2:1 ҳисобида енгди. Қатар эса Қувайт меҳмони бўлди ҳамда 2:1 ҳисобида зафар қучди.

Шу тариқа, Қатар очколар сонини 12 тага етказиб олган ҳолда «ЖЧ-2026» саралаш 3-босқичи ва «ОК-2027»га йўл олди. Ҳиндистон ва Афғонистон 4 очко билан иккинчи ҳамда учинчи, Қувайт эса 3 очко жамғарган ҳолда 4-сўнгги поғонада бормоқда. Шунингдек, ушбу жамоалар ўртасидаги кураш сўнгги турга қадар давом этадиган бўлди.

«B» гуруҳида Япония сафарда КХДР билан ўйин ўтказиши лозим эди. Бироқ айрим сабабларга кўра, мазкур ўйин ўтказилмайдиган бўлди ва КХДРга техник мағлубият ёзилиши кутилмоқда. Бу дегани Япония терма жамоаси ушбу турда 3:0 ҳисобидаги тайёр ғалабага эга бўлади ва очколари 12 тага етган ҳолда юқоридаги икки йирик турнирга йўл олади. Сурия ва Мьянма терма жамоалари ўйини 7:0 ҳисобида якунланди. Мазкур муваффақиятдан сўнг Сурия 7 очко билан иккинчи поғонага чиқиб олди. КХДР ҳисобида 3 очко ва Мьянмада эса 1 очко бор ва улар қуйи поғоналардан жой олган.

Ҳозирги вазиятда Сурия ҳам ушбу саралаш босқичидан муваффақиятли ўтди дейишимиз мумкин. Бироқ уларнинг аниқ мақсадига етишлари учун кейинги турда КХДР устидан ғалаба қозониши керак.

«С» гуруҳида ҳам кутилмаган натижалар қайд этилди. Унда Таиланд ўз мухлислари кўз ўнгида Жанубий Кореяга 3:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Сингапур сафарда Хитойдан 4:1 ҳисобида енгилди. Ҳозирда ушбу гуруҳда Жанубий Корея терма жамоаси 10 очко билан карвонбошилик қилаётган бўлса, Хитой 7 очко жамғарган ҳолда иккинчи ўриндан жой олди. Таиланд 4 очко билан учинчи, Сингапур эса 1 очко билан ҳамон аутсайдер бўлиб турибди. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бу гуруҳда Жанубий Корея деярли «ЖЧ-2026» ва «ОК-2027» йўлланмасини ҳал қилди. Хитой ва Таиландда ҳали бу имконият сўнгги тургача сақланиб қолади.

«D» гуруҳидаги вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда. Гап шундаки, ушбу гуруҳда 4-турдан сўнг Қирғиз Республикаси, Ўмон, ва Малайзия терма жамоалари «ЖЧ-2026» ва «Осиё кубоги-2027» йўл олиш имкониятига эга. Фақатгина Хитой Тайпеи барча учрашувларда мағлуб бўлган ҳолда тўртинчи ўринда қолмоқда. Жумладан, кеча Қирғиз Республикаси ўз майдонида Хитой Тайпеини 5:1 ҳисобида енгган бўлса, Ўмон меҳмонда Малайзияни 2:0 ҳисобида таслим қилди. Ушбу натижадан сўнг, Қирғиз Республикаси ва Ўмон очколари 9 тага етди ва голлар нисбатига кўра биринчи ҳамда иккинчи ўринга жойлашди. Малайзия эса 6 очко жамғарган ҳолда 3-ўринда қолди. Назаримда, ушбу гуруҳда учта терма жамоа сўнгги тургача навбатдаги босқич йўлланмаси учун курашади.

Биз учун муҳим бўлган «Е» гуруҳида Туркманистон ўз майдонида Эронга 0:1 ҳисобда мағлуб бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси эса «Бунёдкор» стадионида Ҳонгконг дарвозасига жавобсиз 3 та гол урди. Шу тариқа, Эрон ва Ўзбекистон бир хил 10 очко тўплади ва 2027 йилги Осиё кубоги ҳамда 2026 йилги жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичи йўлланмасини нақд қилди. Ҳонгконг ва Туркманистон ҳамон 1 очко жамғарган ҳолда 3-4 поғонада қолди ҳамда нуфузли мусобақалардан умидини узди.

«F» гуруҳида Ироқ 4-тур доирасида Филиппин меҳмони бўлди ва мезбонлигига қарамасдан рақиб жамоаси дарвозасига 5 та голни жойлаб қўйди ва 12 очко билан ушбу саралашдан муддатидан аввал ўтди. Филиппин эса 1 очко билан 4-ўринда қолди. Индонезия эса бу сафар Вьетнам термаси мухлислари кўз ўнгида 3:0 ҳисобидаги муваффақиятга эришди ҳамда 7 очко билан иккинчи ўринга чиқиб олди. Вьетнам эса 3 очко билан кейинги ўринга тушиб кетди. Дарвоқе, Индонезия ҳам яна бир ғалабага эришса, Вьетнам қолган икки турнинг бирида мағлуб бўлса, Ироқ терма жамоаси ортидан навбатдаги мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

«G» гуруҳидан ўрин эгаллаган Тожикистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ўйин 1:1 ҳисобида тугади. Бу натижадан сўнг 10 очко тўплаган Саудия Арабистони гуруҳда биринчи ўрин билан «ЖЧ-2026»га йўл олди. Тожикистон эса 5очко билан учинчи поғонани банд қилди. Иордания ўз уйида Покистонни 7:0 ҳисобида таслим этди. Мазкур ютуқдан сўнг Иордания 7 очко тўплади ва 2-ўринга чиқиб олди. Покистон ҳали бирорта очкони қўлга киритган йўқ.

Маълумот учун, 2027 йилги Осиё кубоги Саудия Арабистонида ўтиши боис, ушбу терма жамоа мазкур мусобақа саралашида иштирок этмайди. Шу сабабли, мазкур гуруҳда Иордания ва Тожикистон терма жамоалари «ОК» ва «ЖЧ-2026» 3-босқичи йўлланмасига эга чиқиши мумкин.

«H» гуруҳида БАА – Яман ва Баҳрайн – Непал ўйини бир хил 3:0 ҳисобида ўз поёнига етди. Ушбу натижадан сўнг БАА 12, Баҳрайн 9, Яман 3 очко билан гуруҳда кетма-кетлик билан жойлашди. Непал эса 0 очко билан сўнгги ўринда қолди. Ушбу терма жамоалар орасида БАА такрор ва такрор юқорида айтаётган мусобақаларимиз «чиптаси»га эга чиқди. Баҳрайн ҳам ушбу саралашдан ўтишга жуда яқин турибди.

Фаластин 4-турда ҳам Бангладешни мағлуб этиш уддасидан чиқди – 1:0. Австралия эса Ливанга сафар қилиб, бир йўла 5:0 ҳисобидаги ғалаба билан юртига қайтди. Энди эса «I» гуруҳида қуйидаги ҳолат юз берди. Австралия 12 очко билан гуруҳ карвонбошисига айланди. Фаластин эса 7 очко билан иккинчи, Ливан 2 очко билан учинчи, Бангладеш эса 1 очко билан тўртинчи ўринга жойлашди. Шунингдек, Австралия муддатидан аввал саралаш босқичидан ўтди. Фаластин ҳам ушбу саралашдан чиқиш остонасида турибди. Бу остонадан ўтиш эса 5-турда ҳал бўлишига ишонамиз.

Мазкур саралаш босқичининг 5-тур ўйинлари жорий йилнинг 6 июнь куни бўлиб ўтади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА