Хитой пойтахти Пекинда Осиё паралимпия қўмитасининг янги тайинланган Ижроия кенгашининг биринчи йиғилишида бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, 2025 йили Тошкентда ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги Параосиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилинди.

Осиё паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид томонидан очилган 33 йиғилишда 2024-2027 йилларга мўлжалланган Осиё паралимпия қўмитасининг янги Стратегик режасини ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди. 2025 йили Тошкентда ёшлар ўртасидаги Параосиё ўйинлари ва бошқа оммавий спорт тадбирлари янги мақсадларга эришишнинг бошланиш нуқтаси бўлиши қайд этилди.  Кенгаш таркибидан жой олган турли доимий комиссиялар ва минтақавий вакилларнинг иш фаолияти кўриб чиқилди.

Осиё паралимпия қўмитасининг янги Кенгаши тайинланганидан кейинги биринчи расмий йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси бош котиби, Осиё паралимпия қўмитасининг Марказий Осиё минтақаси бўйича вакили Фаррух Аҳмедов «Тошкент-2025» ўсмирлар паралимпия ўйинларига тайёргарликнинг бориши, минтақада паралимпия ҳаракатини ривожлантириш борасидаги ишлар, мамлакатимизда «Матонат мактаблари»нинг жамиятда тутган ўрни хусусида йиғилганларга сўзлаб берди.

Муҳокамалар давомида 2023 йил Осиё паралимпия оиласи учун ажойиб йил бўлгани, Ханчжоудаги Параосиё ўйинларининг юқори савияда ташкил этилгани, қитъанинг бир қатор давлатларида жумладан, Ўзбекистонда имконияти чекланган инсонларни пара спорт турларига жалб этиш борасида ибратли ишлар олиб борилаётгани эътироф этилди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА