Хабар берганимиздек, жорий йилнинг 29-31 март кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида «Париж-2024» Олимпия ўйинларига рейтинг очколарни тақдим этадиган «Катта дубулға» турнири бўлиб ўтади.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси хабарига кўра, мазкур мусобақада 7 нафар аёл ва 11 нафар эркак дзюдочиларимиз совринли ўринлар учун кураш олиб боради. Мураббийлар штаби қарорига кўра, терма жамоанинг етакчи спортчилари Музаффарбек Тўрабоев ва Диёра Келдиёрова Анталия мусобақаларида иштирок этмайди.

ЎзА мухбирига Диёра Келдиёрова мазкур турнирда нега иштирок этмаётгани ҳақида интервью берди:

– Мураббийларимнинг қарори бу. Анталия мусобақасида қатнашмайман. «Катта дубулға» турнири якунлангач у ерда ўтадиган халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этаман. Кейинги мусобақам масаласида айтишим мумкинки, мураббийлар, тегишли мутахассисларнинг хулосаси ва тавсияси билан май ойининг сўнгги кунларида Абу-Дабида ўтадиган жаҳон чемпионатидан олдин биронта турнирда қатнашаман, албатта. Лекин ҳозирча ўша турнир қайси бири бўлиши ноаниқ. Балки у Душанбе «Катта дубулға» турнири бўлар, балки Қозоғистонда ўтадиган мусобақа. Ўйлайманки, «Париж-2024» Олимпиадасига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлган мазкур турнирларда керакли натижаларга ва кўрсаткичларга эришамиз. Терма жамоамиз аъзоларидан кимнинг қайси мусобақада иштирок этиши ёки иштирок этмаслигини мураббийлар кенгаши ҳал қилади, – дейди Жаҳон чемпионати совриндори, қитъа чемпиони, ҳозирги пайтда Халқаро дзюдо федерацияси рейтингида етакчилик қилиб келаётган истеъдодли спортчимиз Диёра Келдиёрова.

Анталияда ўтадиган «Катта дубулға» турнирида дзюдочи қизларимиздан Гулҳаё Жўраева ва Сита Қадамбоева -52 килограммда, Шукуржон Аминова -57 килограммда, Шоҳиста Назарова ва Гулноза Матниязова -70 килограммда, Ирисхон Қурбонбоева -78 килограммда, Рината Илматова +78 кило оғирликда иштирок этса, дзюдочи йигитларимиздан Дилшодбек Баратов ва Достон Рўзиев -60 килода, Муҳриддин Тиловов ва Сардор Нуруллаев -66 килограммда, Шаҳрам Аҳадов ва Муроджон Йўлдошев -73 килограммда, Нурбек Муртазоев ва Шарофиддин Болтабоев -81 килограммда, Давлат Бобонов -90 килограммда, Эрназар Сарсенбаев -100 килограммда ва Шоҳруҳхон Бахтиёров +100 кило оғирликда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 154 минг евродан иборат бўлган ушбу нуфузли мусобақада иштирок этиш учун 94 мамлакатнинг 661 нафар спортчиси Анталия турнири ташкилий қўмитасига талабномаларни тақдим этган.

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА