Ўзбекистон дунёдаги сув танқис бўлган 33 давлат қаторига тушиб қолиши эҳтимолдан холи эмас

421

Дунё ресурслари институти тадқиқотига кўра, 2030 йилда кучли сув танқислиги туфайли 700 миллион нафарга яқин одам иқлим муҳожирига айланади. 2040 йилга бориб Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистонда 80 фоиздан ортиқ аҳоли сув танқислигидан тўғридан-тўғри азият чека бошлайди. Бу дунё бўйича энг юқори хавфли ҳудуддир.

Жаҳон сув ресурлари институти маълумотларида қайд этилишича,  Ўзбекистон сув стрессига мойил бўлган 25 та давлат қаторига киради. Шунингдек, соҳа вакиллари ҳам 2030 йилга бориб, республика бўйлаб  7 миллиард куб метр сув танқислиги кузатилиши ва оқибатда мамлакат дунёдаги сув танқис бўлган 33 давлат қаторига тушиб қолиши эҳтимолдан йироқ эмас эканлигини таъкидлаган.

Олдинда кутилаётган хавфни олдини олиш учун экинларни суғоришда илғор усуллардан фойдаланишни кенг жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Томчилатиб суғоришнинг афзалликлари нимада?

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати бу борада қуйидаги маълумотларни тақдим этди.

Бу тизим сувни махсус қувурлар ёрдамида бевосита ўсимликларнинг илдизлари атрофига кичик меъёрларда томизиб суғориш технологиясидир. Томчилатиб суғориш тизими жаҳоннинг қишлоқ хўжалиги тараққий этган кўпгина мамлакатларида ҳам жорий этилган бўлиб,  бу кенг жамоатчилик томонидан ва илмий жиҳатдан интенсив технология деб тан олинган.

Томчилатиб суғоришда  сув ўсимликнинг илдиз қатламига бир текисда етиб боради. Мазкур усулнинг бошқа усулларидан фарқи шундаки, даланинг экин жойлашган жойлари бир хилда намланади. Тупроқда ортиқча намлик юзага келмайди.  Сув сарфи 30—50% гача камаяди, суғориш қувурлари ўрнатилмаган қатор оралари қуруқ бўлганлиги туфайли бегона ўтлар чиқмайди. Ишчи кучига эҳтиёж камаяди, ҳосилдорлик ортади, электр энергияси тежалади, ялпи даромад ошади.

Бу суғориш режимида ўсимликнинг сувга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда сув берилади. Минерал ўғитларни ҳам бевосита сувга қўшиб бериш мумкин. Тупроқ қотиб қолмаганлиги сабабли техника билан ишлов беришга зарурат туғилмайди.

Мавсум давомида ҳар гектар майдон ҳисобига 50–60 л атрофида ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари тежалади. Йил давомида бериладиган ўғитлар учун харажатлар томчилатиб суғорилганда 30 фоизга камаяди, вегетация даврида бериладиган ўғитлар учун харажатлар эса 50 фоизгача тежалади. Экиннинг ўғитни ўзлаштириши 90 фоиздан юқори бўлади. Тупроғи эрозияга мойил енгил тупроқли, ер юзаси нотекис бўлган адирларда ҳам экинларни томчилатиб суғориш тизимларидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан яхши самара беради.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА