Юртимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқодига оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиб, фуқароларга «Умра» зиёрати учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Лекин «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари яратилмагани зиёратчилар ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш имконини бермаяпти.

Парламент қуйи палатасининг мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинган «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси айни масалаларга дахлдор.

Мазкур лойиҳа юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова маъруза қилди:

– Ушбу қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг «Умра» зиёратини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ва зиёратчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга «Умра» тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш бўйича қўшимча нормалар киритилмоқда. Маълумки, хусусий сектор вакилларига 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб «Умра» тадбирларини ташкил этиш фаолиятини лицензия асосида амалга оширишга рухсат берилди. Ҳозирда «Умра» тадбирларини амалга ошириш билан боғлиқ туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг алоҳида фаолият йўналиши сифатида тегишли туроператорлар томонидан амалга оширилиши миллий қонунчиликда белгиланган. Унга кўра, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ фаолият билан шуғулланиш учун лицензия турини жорий этиш ва лицензияловчи орган сифатида Дин ишлари бўйича қўмитани белгилаш юзасидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Мазкур қонун лойиҳасида зиёратчиларнинг «Умра» амалларини муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун шарт-шароитлар яратиш, хорижда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишни таъминлаш, давлат харидлари учун ажратилган маблағлар хавфсизлиги ва уларни ишончли сақлаш механизмлари аниқ белгилаб берилмоқда, – деди вазир ўринбосари.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

М.Комилова, ЎзА