Вашингтон “Крокус”даги террор хуружидан кейин хавфсизлик соҳасида Москвага ёрдам бериш ниятида эмас, деб баёнот берди Оқ уй вакили Жон Кирби брифингда.

– Хавфсизлик соҳасида АҚШ Россияга ёрдам беришни режалаштирмаяпти, – деган у. – Вашингтон Москвада уюштирилган теракт ортида фақат “ИШИД” террорчи гуруҳи турибди, деб ҳисоблайди. Америка махсус хизмати гуруҳ фаолиятини кузатишда давом этмоқда. Айнан шу ҳолат Россияни огоҳлантириш имконини берди.

Ўтган жума куни Кирби АҚШ ҳукумати Москвада тайёрланаётган террорни аввалдан билмаган, икки ҳафта аввал Оқ уй Москвадаги элчихонасини огоҳлантириши мазкур фожиага дахлдор эмас, деганди.

Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов “РИА Новости” мухбири билан суҳбатда Оқ уй тарқатган баёнотга изоҳ бера туриб, “ИШИД”нинг алоқадорлиги бўйича хулоса чиқаришга шошилмаслик кераклиги, мамлакат махсус хизмати барчасига ойдинлик киритишини айтган.