Нукусда умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасидаги фанлар олимпиадасининг IV якунловчи босқичининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Б.Отемуратов, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги бўлим бошлиғи А.Ҳасанов ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тилади.

Таъкидланганидек, фанлар олимпиадаси ўзбек тили, математика, қорақалпоқ тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қозоқ тили фанларидан ўтказилмоқда. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 155 ўқувчи иштирок этмоқда.

Олимпиада натижаларига кўра, ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Иқтидорли ўқувчилар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабни аниқлаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ғолибликни қўлга киритган фанидан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл бериладиган имтиёзга эга бўлади. Шунингдек, ғолиб ўқувчилар ва уларнинг устозлари белгиланган тартибда пул мукофотлари билан тақдирланади.

–Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида фанлар олимпиадасининг якунловчи босқичини юқори савияда ўтказиш учун барча шароит яратилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Айбек Даўлетбаев. –Олимпиада ғолиблари муносиб тақдирланади. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасидан ғолиб бўлган ўқувчиларни устозлари билан чет давлатларга саёҳатга юбориш режалаштирилган.

Иштирокчиларнинг бўш вақтларида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, дастлабки куни уларнинг Президент мактабига, Нукус ёшлар технопаркига саёҳати ташкил этилди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),  

ЎзА мухбирлари