Бугун, 26 март куни Осиё қитъасида «ЖЧ-2026» ва «Осиё кубоги-2027» мусобақалари саралаш турнирининг иккинчи босқич 4-тур учрашувлари бўлиб ўтади.

Унда Бангладеш – Фаластин, Филиппин – Ироқ, Хитой – Сингапур, Вьетнам – Индонезия, Таиланд – Жанубий Корея, Ҳиндистон – Афғонистон, Қирғизистон – Тайван, Малайзия – Уммон, Ўзбекистон – Гонконг, Туркманистон – Эрон, Тожикистон – Саудия Арабистони, Қувайт – Қатар, Сурия – Мьянма, Иордания – Покистон, Баҳрайн – Непал, Яман – БАА терма жамоалари ўзаро рақобатлашади.

Мазкур учрашувлар орасида биз учун аҳамиятлиси, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Гонконг термасига қарши ўтадиган жавоб ўйинидир. «Е» гуруҳидан ўрин олган ушбу учрашув бугун соат 19:30да «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади. Бу сафарги баҳсда терма жамоамиз, тўлиқ кўк либосда, дарвозабонимиз эса яшил либосда майдонга тушади. Миллий жамоамиз ушбу ўйинда ғалаба қозонса, муддатидан олдин жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичи ва 2027 йили Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган Осиё кубогининг финал босқичига йўлланмани қўлга киритади.

Учрашувдан олдин Ўзбекистон миллий терма жамоасининг гуруҳдаги ўтган ўйинларини ёдга олсак. Саралаш босқичининг илк турини футболчиларимиз сафарда Туркманистонга қарши ўтказди. 1:3 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, 2-турда Тошкентда Эрон термаси билан жанговар ўтган ўйинда 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди. Ўтган ҳафта эса учинчи тур доирасида Гонконгни меҳмонда 0:2 ҳисобида доғда қолдирди. Бу натижалардан сўнг гуруҳда 7 очко тўплаган ҳолда иккинчи ўринда бормоқда. Ҳозирда гуруҳ пешқадами Эронда ҳам 7 очко мавжуд бўлиб, фақат голлар нисбатига кўра терма жамоамиздан олдинда турибди. Туркманистон ва Гонконг эса 1 очко жамғарган ҳолда қуйи поғонада бормоқда. Ўз ўзидан кўриниб турибдики, Ўзбекистон ва Эрон ушбу гуруҳдан навбатдаги босқичга чиқиш имкониятини деярли ҳал этган. Ушбу жамоалар учун ўз мақсадларига етишиш учун биргина ғалаба кифоя ва катта эҳтимол билан ушбу муваффақиятга бугун эришади.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец кутилмаганда соғлиғи билан юзага келган муаммолар туфайли ўз ватани Словенияга жўнаб кетган ва Гонконг билан бўладиган ўйинда иштирок этмайди. Миллий жамоамиз мураббий ассистенти Алеш Чеҳ бошчилигида ўйин ўтказади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА