АҚШ амалдаги етакчиси Жозеф Байден ҳам, собиқ президент Дональд Трамп ҳам ўз партияларидан кузда бўладиган сайловда давлат раҳбарлигига номзодини қўйиш ҳуқуқини қўлга киритиб бўлди. Огайо, Иллинойс ва Канзас штатларида ўтган праймеризда ҳам улар партиядошлари томонидан қўллаб-қувватланди.
Трамп Флоридада ҳам ғолиб чиқиши тайин, чунки шу штатда яшайди ва ўзи ҳам овоз беради.Демократлар бир овоздан Байденни қўллайди, шу боис штат праймеризидан воз кечиб қўя қолинди.
Партия ичида бўладиган сайлов – праймериз ва кокусда даъвогарлар қанча делегат олиши аниқланади.
Хуллас, ҳар икки даъвогар етарли делегат билан таъминлаб бўлган. Энди уларнинг номзодлиги тегишли партиянинг ёзги қурултойида расман эълон қилинади.
Бир қарашда “қария-даъвогарлар” барча тўсиқлардан ўтиб олгандек. Ҳар ҳолда Байден учун шундай. Бинобарин, Трамп олдида янги-янги муаммолар пайдо бўлаётгани унинг президент сайловида иштирок этишини сўроқ остида қолдирмоқда. Миллиардер-номзодга нисбатан тўрт жиноий иш доирасида жами 90 дан ортиқ айблов эълон қилинган. Трамп бу жараённи “демократик ҳукумат аъзолари унинг Оқ уйга қайтишига халақит бермоқчи”, дея изоҳламоқда. Айбларнинг энг оғири 20 йиллик қамоқ жазосини кўзда тутади. Жами жазо муддатлари қўшилса, аниқроғи айбловларнинг ҳаммаси исботланса, сиёсатчи “700 йил турмада ўтириши” мумкин. Ваҳоланки, Америкада президентлигига бир қадам қолган номзод учун қамоқхона эшиги ҳам унча узоқ эмасга ўхшайди.
Сўнгги хабарларга кўра, Нью-Йорк суди Трампни ва унинг ўғиллари ҳамда бизнесдаги шерикларини Майамида гольф майдони ва дам олиш маскани, Вашингтон ва Чикагода меҳмонхоналар қуриш учун кредит олмоқчи бўлиб, ўн йил давомида активларини 812 миллиондан 2,2 миллиард долларгача ошириб келганликда айблаган. Трамп мазкур айблов устидан шикоят қилиши мумкин, лекин суд қарори устидан шикоят хати топшириш ҳуқуқини қўлга киритиш учун бир неча юз миллион доллар гаров пули тўлашига тўғри келмоқда.
– Ҳакамларнинг кулгили қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқим учун бир неча юз миллион доллар тўлашим керак экан, – деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Мен апелляцияни қарийб ютиб чиқсам ҳам, улар қарор қабул қилишдан бош тортмоқда. Бошқача айтганда, шикоят қилиш ҳуқуқимни тортиб олишга уринишяпти. Авваллари бундай ҳолатни ҳеч ким кўрмаган.
Трампнинг ўзи тан олишича, суд қароридан шикоят қилиш учун 464 миллион долларни гаровга қўйиш керак экан, лекин у пул тополмаётганини ҳам ёзган. Юристлари маълум қилишича, музокара олиб борилган 30 та суғурта компаниясининг ҳеч бири маблағ учун кафилликка рози бўлмаган. Трамп баёнот беришича, шу йўл билан унинг бизнесини тортиб олишмоқчи. Энди собиқ президент мулкининг бир қисмини тезроқ ва арзон сотишга мажбур бўлади, лекин апелляцияни ютган тақдирда ҳам ушбу маблағ қайтарилмайди.
Умуман, Америкада собиқ президент суд қилиниши мумкинми? Бу савол ҳам Трамп тарафдорлари тилида бот-бот янграмоқда. Масалан, адвокатлар иммунитет мутлақ, яъни давлат раҳбарининг ваколати доирасидаги ҳаракатига тааллуқли бўлиш кераклиги ҳамда Трампнинг жиноий таъқибдан иммунитетга эга эмаслигини тан олиш конституцияга зид эканини уқтириб келмоқда.
Дарвоқе, АҚШ Олий суди дахлсизлик тўғрисидаги даъвони 25 апрелда кўриб чиқишини маълум қилган. Америка пойтахтининг Колумбия округи суди аввалроқ Трамп ҳуқуқий таъқибдан иммунитетга эга эмас, дея қарор чиқарган. Ҳужжатда Оқ уй собиқ раҳбари президентлик даврида, яъни 2020 йил бўлиб ўтган президентлик сайловида мағлубиятга учраганига қарамай, ҳокимиятни сақлаб қолишга уриниш ҳамда Капитолий тепалигидаги тартибсизликда айбланиб, шу сабабли ҳуқуқий иммунитетга эга эмаслиги таъкидланган. Собиқ президентнинг Олий судга шикоят аризаси топшириши ҳам айнан юқоридаги айблов қарори билан боғлиқ. Афсуски, ҳозирги ҳакамларнинг кўпчилиги консерваторлар. Улар, одатда, кўп йиллик анъаналарга содиқ, ўзгаришларга ён беравермайди.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА шарҳловчиси