Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Тошкент шаҳридаги саноат ва ижтимоий соҳа объектлари фаолияти, маҳалладаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан танишди, баҳорги дарахт экиш тадбирида иштирок этди.

Дастлабки манзил Қуюв-механика заводи бўлди.

Қирқ гектардан зиёд  майдонли бу завод бир пайтлар тўлиқ ишламай, паст рентабелли бўлиб қолган эди. Шу боис “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфига ўтказилиб, 2013 йилда модернизация қилинди. Сўнгги йилларда маҳаллийлаштириш жадал кенгайиб, унинг иқтисодий самарадорлиги янада ошди.

Бугун мажмуа йилига 1 минг 200 та юк вагони ишлаб чиқариш ва 1 минг 500 тасини таъмирлаш қувватига эга барқарор корхона.

Вагонлар таркиби ҳам талабгир. Жумладан, ярим очиқ, усти ёпиқ, узун базали ҳамда дон, цемент, минерал ўғит ташишга мўлжалланган 6 турдаги юк вагонлари ишлаб чиқарилмоқда.

Металл қуйиш оғир саноатнинг энг муҳим тармоғи, таъбир жоиз бўлса, «юраги» ҳисобланади. Бу ерда 120 миллион доллар ҳисобига қуюв цехи барпо этилган. У йилига 26 минг тонна маҳсулотлар тайёрлашга мўлжалланган. Бу ерда темир йўллар эксплуатацияси ва ҳаракат таркибида ишлатиладиган барча турдаги эҳтиёт қисмлар қуйилади.

Давлатимиз раҳбари ушбу маҳсулотларни кўздан кечирди.

– Бугунги кундаги энг катта мақсадимиз – кўпроқ иш ўринлари яратиш. Масалан, бу йил мамлакатимизда 100 мингта уй қурмоқчимиз. Улар қачон одамларга маъқул бўлади? Ёнида иш ўрни билан бўлса. Шунинг учун, худди томорқаларда бўлаётганидек, кўп қаватли уйлар бўйича ҳам маҳаллаларда иқтисодий лойиҳалар қилинади. Қайси хонадонда ишсиз бўлса, бандлигига кўмаклашилади. Бунда мана шундай заводлар муҳим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис мажмуада шаҳарсозлик, коммунал ва бошқа тармоқлар учун ҳам маҳсулотлар ишлаб чиқариш, бу имкониятлар билан тадбиркорларни таништириб, буюртмаларни кўпайтириш кераклиги таъкидланди. Бу, ўз навбатида, турдош тармоқларда ҳам иш ўринлари очилишига туртки беради.

Заводда юк вагонлари қуриш, механика йиғув, ғилдирак йиғув, қуюв, таъмирлаш, темирчилик ва пресслаш, тайёрлов ва комплектлаш каби 26 та цех бор. Президентимиз мажмуа бўйлаб юриб, улардаги иш жараёнини кўздан кечирди.

Корхонада 2018-2023 йилларда маҳаллийлаштириш дастури бўйича 100 га яқин турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. 2023 йилда жами 267 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган, 10 миллион долларлик 170 та вагон ва эҳтиёт қисмлар экспорт қилинган. Жорий йилда экспорт ҳажмини 15 миллион долларга етказиш бўйича шартномалар имзоланган.

Корхонада халқаро стандартларга мувофиқ ISO 9001 сифат менежменти ва ISO 50001 энергетика менежменти тизими жорий этилган.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Сергели туманида ташкил этилаётган Ёшлар боғига кўчат ўтқазди.

Маълумки, Президент ташаббуси билан 2021 йилдан буён “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жумладан, экологик вазиятни яхшилаш мақсадида Тошкентнинг “яшил белбоғи” ташкил этилмоқда. Ёшлар боғи шу ҳалқанинг муҳим бўғини бўлади.

Давлатимиз раҳбарига боғ лойиҳаси ҳақида ахборот берилди. Унинг майдони 75 гектардан зиёд бўлиб, ҳудуди жиҳатидан пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон” боғидан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.

Боғ еттита катта ҳудудга бўлинади. Марказий хиёбонда турли майдонлар, минг ўринли очиқ амфитеатр, миллий ва халқаро гастрономик зоналар барпо этилади.

Очиқ ҳавода овқатланиш ва қизиқарли машғулотлар учун алоҳида жойлар бўлади. Мусиқий фавворалар, очиқ осмон остидаги кинотеатр, санъат кўргазмалари ва лазер-шоу имкониятлари яратилади. Болалар учун спорт ва ўйин майдонлари, машҳур эртаклардаги қишлоқлар, устахона, кутубхона ташкил этилади. Сунъий кўл, каноэ ва сузиш ҳавзаси, балиқ ови дам олувчиларга ҳузурбахш бўлади.

Шу куни Тошкент шаҳри жамоатчилиги, давлат ташкилотлари ва дипломатик корпус вакиллари, ёшлар иштирокида боққа кўчатлар экилди.

Президент боғ лойиҳасида қатнашаётган инвестор ва лойиҳачилар, чет эллик дипломатлар билан мулоқот қилди.

– Халқимиз қаерда бўлса, дарахт экишга интилган. Амир Темур Самарқанд атрофида сўлим боғлар барпо этган, бошқа шаҳарларни ҳам обод қилган. Буюк боболаримизга муносиб бўлиб, бу ишларни қилаяпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари боққа келган юртдошларимиз билан суҳбатлашиб, уларни Наврўз билан табриклади.

Боққа биринчи босқичда минг тупдан зиёд каштан, эман, шарқ чинори, қизил куртак, магнолия, гужум каби манзарали дарахтлар ҳамда бута ва гуллар экилади. Лойиҳа якунига қадар уларнинг сони 20 минг тупга етади.

Яна бир эътиборли томони, бу боғда табиийлик, ўрмон шакли, экзотик манзара ҳосил қилинади. Боғ фойдаланишга топширилиши билан 350 тадан ортиқ иш ўрни яратилади.

Айни кунларда ҳам ҳудудларда кўчатлар экилмоқда. Умуман, юртимизда 347 гектар майдонда “яшил ҳудуд”, 187 та вазирлик ва ҳокимлик боғлари барпо этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводини бориб кўрди.

Мамлакатимизда темир йўл транспорти ривожланиб, қатновлар сони кўпаймоқда. Бу вагонларга бўлган талабни ҳам оширади. Мазкур заводда 16 турдаги йўловчи вагонлари ишлаб чиқарилади ва таъмирланади.

Ўтган йили корхонада 32 та йўловчи вагони тайёрланиб, 319 таси таъмирланган. Муҳими, кооперация орқали эҳтиёт қисмларнинг 70 фоизи маҳаллийлаштирилган.

Умуман, аввалги йилларда 300 дан зиёд йўловчи ва техник хизмат вагонлари ишлаб чиқарилиб, 50 дан ошиғи экспортга юборилган. Бундан ташқари, 112 та метрополитен вагонлари модернизация қилинган.

Улар 28 йил давомида фойдаланишга мўлжалланган ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради, йўловчилар учун ҳар томонлама қулай, юқори сифат ва хавфсизликка эга.

Вагонларда иситиш ва совитиш тизимлари, ҳаво айланиши янада яхшиланган. Сув иситиш ускунаси ҳам электр энергиясида, ҳам кўмирда ишлашга мўлжалланган. Йўловчиларни тоза ва салқин ичимлик суви билан таъминлаш, телефон қувватини тўлдириш учун махсус мосламалар ўрнатилган. Бу ерда 619 нафар муҳандис-ишчи меҳнат қилмоқда.

Президентимиз вагонларга чиқиб кўрди. Уларнинг дизайнини ўзгартириш, йўловчиларга қулайликларни ошириш зарурлигини таъкидлади. Электр поездлар тармоғини кенгайтириб, аҳоли кўп туманларга олиб бориш, соҳанинг алоҳида генерация қувватларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Жорий йилда яна юзлаб вагонларни қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, кон-металлургия корхоналари учун махсус вагонлар қуриш, кенг купели янги турларни ўзлаштириш кўзда тутилган.

Шу ерда заводда режалаштирилаётган янги йўналиш – электр ва метрополитен поездлари лойиҳаси кўриб чиқилди.

Шунингдек, Тошкент – Хива йўналишига қўйиладиган тезюрар поезд ҳақида ахборот берилди. Президентимиз бу ҳақда 2022 йилда Хоразмда Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг очилиш маросимида айтган эди. Бу учун Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компаниясидан юқори тезликдаги электропоезд олиб келиниши мўлжалланган. 7 вагонга эга электропоезд 351 та ўриндиққа эга бўлади. Соатига 250 километр тезликда ҳаракатлана олади.

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги Дилбулоқ маҳалласига бу йилги Наврўз янада кўтаринкилик билан келди. Давлат-хусусий шериклик асосида замонавий маҳалла идораси қурилди. Кўп қаватли уйлар йўлаги ва ички кўчалар, ертўлалар таъмирланди. Анҳор бўйи тартибга келтирилиб, обод сайилгоҳга айлантирилди. Ишкомлар, ниҳоллар, пиёдалар йўлаклари маҳаллага кўрк бағишлади.

Ўтган йили кузда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 4 минг туп дарахт ва бута кўчати ўтқазилган эди. Шу кунларда кўп қаватли уйлар олдидаги майдонларга райҳон, намозшомгул каби гуллар экилди.

Дилбулоқ маҳалласида 6 минг 700 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалла хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Уч юзга яқин савдо, саноат ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳаллий ёшлар ва аёллар ишламоқда. Мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника, ихтисослаштирилган спорт мактаби, педагогика институти филиали фаолият юритмоқда.

“Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳудудга 360 та видеокузатув мосламалари ўрнатилган, улар маҳалла профилактика инспектори хизмат хонасига уланган.

Ўтган йили 112 киши ишга жойлаштирилиб, 181 нафари ўзини-ўзи банд қилган. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 23 та лойиҳага кредит ва ўнга яқин фуқарога субсидия ажратилган. Хусусан, бу ерда тикувчилик цехи, гўзаллик салони, полиграфия ва компьютер хизматлари, кутубхона, озиқ-овқат ва қандолат дўконлари ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари ушбу мажмуаларни кўздан кечирди, маҳалла аҳли билан самимий суҳбатлашди.

– Аввало, сизларни улуғ айём кунлари, келаётган Наврўз билан табриклайман. Маҳаллангиздаги ободликни, иш жойларини, байрам нафасини кўриб, хурсанд бўлдим. Нима учун ҳудудларда кўп юраман? Чунки мен одамларга ишонаман. Ҳамма маҳаллаларни шундай ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз керак. Мамлакатимизда 9 минг 450 та, Тошкентда 585 та маҳалла бор. Ҳозир уларга иқтисодий комплекс ташкилотларини бириктирадиган тизим қилаяпмиз. Мақсадимиз – ҳар бир хонадонга, ҳар бир инсонга етиб бориш. Халқнинг розилиги, дуоларига муносиб бўлиш ҳаммамизга насиб этсин, – деди Президент.

Шу борадаги манзилли чора-тадбирлар “маҳалла еттилиги” ва мутасаддилар билан мулоқотда муҳокама қилинди.

– Хабарингиз бор, иқтисодий комплекс ташкилотларини маҳаллаларга бириктираяпмиз. Бунда банкларнинг ҳам ўрни бор. Улар орқали туманлардаги корхоналарга қўшимча шароит яратиб, енгил кредитлар бериб, яна иш ўринлари очишини қўллаб-қувватлаш керак. Энди маҳаллалар ҳам замонга муносиб, ҳаракатчан бўлиши лозим. Умуман, ишлайман деган одамга шароит яратиб беришимиз шарт, – деди давлатимиз раҳбари.

Мутасаддилар иқтисодий комплекс фаолиятини маҳаллаларда ташкил этиш, шаҳар шароитида одамларни иш билан таъминлаш вазифалари тўғрисида ахборот берди.

Сўнг давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган болалар учун 1-сонли “Мурувват” интернат уйини бориб кўрди.

Ўзбекистон – ижтимоий давлат. Бу халқимизнинг азалий қадриятларига, бугунги инсонни қадрлаш тамойилига мос. Сўнгги беш йилда “Мурувват” уйларига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар 3 баробардан зиёд ошган. Улардаги ходимлар ва ўринлар сони ҳам кўпайтирилган.

Аҳолига сифатли хизмат ва ёрдам кўрсатиш мақсадида ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилган эди. Пансионат, реабилитация маркази каби кўплаб ижтимоий муассасалар қатори “Мурувват” уйлари ҳам ушбу агентлик тизимига ўтказилди.

Ўтган йили бундай муассасалар учун давлат бюджетидан 624 миллиард сўм ажратилди. Шунингдек, уларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун аввалгига қараганда икки баробардан ортиқ маблағ берилмоқда.

Илгари “Мурувват” уйлари ўртасида ҳамкорлик бўлмаган. Ҳозир улар ўзаро фикр алмашиб, самарали усулларни, таълимдаги тажрибаларни татбиқ этмоқда.

Давлат ғамхўрлиги натижасида Тошкентдаги ушбу “Мурувват” уйи ҳам янги қиёфага кирди. Қўшимча бино қурилиб, эски бинолар капитал таъмирланди. Ёзги спорт зали, ногиронларни парваришлаш ва жисмоний даволаш бўлимлари, тиббиёт ва машғулот хоналари, фаоллар зали, кутубхона, ётоқхона ва ошхона бутунлай янгиланди. Ҳар бир бўлим, махсус хоналар талаб даражасида жиҳозланди. Ҳаракатланиши қийин болалар махсус аравачалар билан таъминланди.

Муассасада руҳиятида сезиларли нуқсони бор 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатилади. Бугунги кунда 299 нафар ўғил-қиз васийликка олинган. Уларга 334 нафар ходим, жумладан, малакали педагог, дефектолог ва шифокорлар ёрдамлашмоқда.

Шавкат Мирзиёев болаларнинг машғулотларини бирма-бир кузатди. Улар билан суҳбатлашиб, меҳрини изҳор қилди. Шароитларни яхшилаб, қулайликлар яратиб, ногиронлиги борларнинг иложи борича ҳаётда ўрин топишига кўмак кўрсатилишини айтди.

Президентимиз бунда ижтимоий хизмат ходимлари ишини эътироф этиб, болаларга меҳр-муруввати учун миннатдорлик билдирди.

– Болаларимизга яхши қараётганингиз учун катта раҳмат сизларга. Бу оғир меҳнат, лекин жуда савобли ва керакли меҳнат, – деди давлат раҳбари.

Болаларни имкон қадар реабилитация қилиш ва ҳаётга мослаштириш, ота-оналарга психологик ёрдам бериш масалалари бўйича фикр алмашилди. Сўнгги йилларда имконият ва тизим пайдо бўлгани, бошқа ижтимоий муассасалардаги шароитларни ҳам яхшилаш зарурлиги таъкидланди.

Эндиликда “Мурувват” уйлари замонавий реабилитация жиҳозлари билан таъминланиб, ўз ишини янги концепция асосида йўлга қўяди. Унга кўра, болалар индивидуал ривожланиш дастурлари асосида жамиятга интеграция қилинади. Барча “Мурувват” уйларида учрашув хоналари ташкил этилади.

Шунингдек, “Қўллаб-қувватлаш клублари” тузилиб, малакали мутахассислар васийларга ногиронлиги бўлган болани парваришлаш, оила шароитида тарбиялаш ва жамиятга мослаштириш бўйича билимлар беради. Алоҳида таълимга тавсия берилмаган, оғир даражадаги касалликлари мавжуд болалар учун “Ғамхўрлик гуруҳи” ташкил этилади. Барча ҳудудий реабилитация марказларида ногиронлиги бўлган болалар учун шундай хизматлар йўлга қўйилади.

Муассасанинг қозонхонаси ва муҳандислик тармоқлари ҳам тўлиқ янгиланган. Ҳудудга манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиб, ташқи ёритиш чироқлари ўрнатилган, йўлаклар асфальтланган.

Муборак Рамазон ойида беморлар ҳолидан хабар олиш, инсонларга янада меҳр-эътибор кўрсатиш халқимизнинг эзгу қадриятидир.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбирлари