Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида истиқомат қилувчи фуқаро Қ.Қ ва Н.И. нинг бугунги кунда пенсия ёшида эканлиги, лекин айрим меҳнат стажлари ҳисобга олинмаётгани юзасидан мурожаати туман адлия бўлимида ўрганиб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида “Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек, боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга”, деб кўрсатилган.
Аммо шунга қарамасдан айрим ҳолатларда пенсия ёшидаги фуқароларнинг меҳнат стажини тўла ҳисобга олмаслик ҳолатлари ҳам учраб туради. Натижада уларга тайинланадиган пенсия миқдори кам ҳисобланиб, фуқаролар ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйилади.
Мурожаатни ўрганиш давомида Қ.Қ.нинг 11 йил 8 кун, Н.И.нинг эса 12 йил 3 ой 15 кун меҳнат стажи ҳисобга олинмаганлиги аниқланди ва Нукус туманлараро маъмурий судига даъво ариза киритилди. Ушбу даъво ариза суд томонидан кўриб чиқилиб, фуқаро Қ.Қ ва Н.И.ларнинг ҳисобга олинмаган меҳнат стажларини қайта ҳисоблаш бўйича қарор қабул қилиниб, ҳуқуқлари тикланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири