ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоқ хотин-қизлари азал-азалдан каштачилик билан шуғулланган. Айни пайтда ҳам миллий анъаналарни ривожлантириб, келгуси авлодларга етказиш йўлида фидойилик кўрсатиб келаётган маҳорат соҳибалари талайгина. Нукуслик Несибели Далжанова улардан бири.

“Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси Несибели Далжанова бир неча йиллардан буён қорақалпоқ халқ миллий либослари тикиш, “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ўз ҳунари сир-асрорларини ёшларга ўргатиш, миллий қадриятларни тарғиб этиш билан шуғулланади.

Ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан мамлакатимиз ҳамда қўшни давлатларда ўтказилаётган бир қанча нуфузли фестивалларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. “Ташаббус” кўрик-танловининг республика босқичида бир неча бор “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси совриндори бўлган.

Несибели Далжанованинг қизи Меҳрибон Жуманиёзова ҳам момомерос анъаналар давомийлигини таъминлашга аҳд қилган. У ҳозирда Амет бахши номидаги 12-болалар мусиқа ва санъат мактабининг “Амалий қўл санъати” бўлимида ёшларга каштачиликдан сабоқ бермоқда.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат, видео), ЎзА