“Наврўз” умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.
Хайрия ҳашари доирасида Нукус шаҳрида “Тоза шаҳар” акциясига старт берилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат байроқлари ўрнатилган майдонда ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов иштирок этиб, юртимиз ободлиги, атроф-муҳит тозалигини таъминлаш ва яшил ҳудудларни барпо этишда ҳар бир фуқаро ҳисса қўшиши зарурлиги қайд этилди.
Лойиҳа доирасида Нукус шаҳри ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудлари чиқиндилардан тозаланиб, ободонлаштирилган жойларга ҳар хил манзарали ва мевали ниҳоллар экилиши режалаштирилган.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари билан талаба-ёшлари ҳам умумхалқ хайрия ҳашарида фаоллик кўрсатмоқда. Улар шаҳардаги ўзларига бириктирилган майдонларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириб, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга кўмаклашди. Физика факультети декани Абат Муратовнинг қайд этишича, хайрия ҳашарида 435 нафар талаба, 40 нафардан зиёд профессор-ўқитувчи Нукус шаҳридаги “Дарбент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудини ободонлаштириш, чиқиндилардан тозалаш ишларида қатнашди.
Хайрия ҳашарида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Улар Нукус шаҳридаги “Ҳаво йўллари”, “Дўстлик гузари”, “Оқўтов”, “Тунғиш қонис” “Кўк ўзак” ҳамда “Қумбиз овул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида қатнашмоқда.
Наврўз байрамига бағишланган умумхалқ хайрия ҳашари давомида Оролбўйидан жами 225 минг нафардан зиёд фуқаро, шундан 128 минг нафардан ортиқ ёш иштирок этмоқда. Улар томонидан 1182,5 гектардан ортиқ майдон ободонлаштирилди, тозаланди. 910 тоннадан зиёд маиший ва қурилиш чиқиндиси белгиланган жойларга олиб чиқилди. 469,3 километрга яқин узунликдаги ариқ ва лоток тозаланди. 421 та қабристон ва 8 та зиёратгоҳ ободонлаштирилди. Шунингдек, ҳашар давомида 50 минг 49 туп манзарали ниҳол, 36 минг 101 туп мевали кўчат, 77 минг 865 туп гул ўтқазилди. Иштирокчилар томонидан 112 минг 900 туп дарахт оқланиб, шакл берилди. Ушбу ишларга 188 та техника жалб этилди.
Хайрия ҳашари давомида ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга беғараз кўмак берилди. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда 291 та хонадоннинг турар жойида таъмирлаш ишлари олиб борилди. 894 та моддий ёрдамга муҳтож хонадонга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсга ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Янгиланиш ва яшариш айёми арафасидаги умумхалқ хайрия ҳашари Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида, меҳнат жамоаларида, ўқув юртларида давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА