Бугун, 15 март куни Россия Федерациясида Президент сайловлари учун овоз бериш жараёнлари бошланди. Шунингдек, тўртта номзоддан бирига онлайн овоз бериш имконияти ҳам яратилган. Сайловлар уч кун мобайнида, 17 март кунига қадар давом этади.

Биринчи бўлиб Камчаткада овоз бериш учун сайлов участкалари очилди. Россиядаги сайловчиларнинг умумий сони 112,3 млн. нафарни, мамлакат ташқарисида эса тахминан 1,9 млн. нафарни ташкил этади.

89 та ҳудуддан 29 тасида, шу жумладан Москва шаҳрида масофавий электрон овоз бериш тизими (МEОБ) орқали масофадан туриб овоз бериш имконияти мавжуд. Сайлов жараёни давомида участка ва ҳудудий сайлов комиссияларида видеокузатувлар ташкил қилинган.

15 март куни Ўзбекистон делегацияси аъзолари Москва шаҳридаги бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш жараёнлари билан танишиш имкониятига эга бўлишди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси маълумотида.

Шунингдек, делегация аъзолари Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил қилинган ва бугун бошланган “Сайлов суверенитети ва халқаро стандартлар” мавзусидаги икки кунлик халқаро конференцияда иштирок этмоқда.

Мазкур конференцияда бутун дунёдан сайлов органлари ва халқаро ташкилот вакиллари ҳамда сайлов жараёни соҳасидаги экспертлар сўзга чиқадилар. Конференция 200 нафардан ортиқ қатнашчиларни жамлаган.

М.МАДАМИНОВА, ЎзА