– Ғазодаги ҳолат инсонпарварлик инқирози эмас, балки инсоният инқирозидир, – деди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Фаластиндаги вакили Доминик Аллен Ғазога ташрифидан сўнг Қуддус шаҳрида видеоконференция орқали Нью-Йорк журналистлари билан ташкил этилган суҳбатда.

Аллен Ғазодаги вазиятни “даҳшатли туш” деб атади ва дезинформация, шунингдек зўравонлик жиддий муаммо эканини қўшимча қилди.

– Ишонч билан айтаманки, Ғазодаги вазият сиз тасаввур қилганингиз ва суратларда кўрганингиздан ҳам ёмонроқ, – деди у.

Ғазони тарк этгач, 1 миллион аёл ва қиз тақдири учун мудҳиш қўрқув ва хавотир ҳис қилганини ифодалаган Аллен Ғазодаги манзарани тасвирлашнинг иложи йўқлиги, одамлар очликдан азият чекаётгани, жуда оғир аҳволда эканини айтди. Ғазо шимолидаги ўта жиддий вазиятда инсонлар ҳар куни ҳаёт учун курашаётганини қайд этиб, “Ғазода ҳамма жойда қўрқув ҳукмрон”, деди ва айниқса, ҳомиладор аёлларга қийинлигини қўшимча қилди.

БМТ расмийси таъкидлашича, Ғазо шифокорлари энди чақалоқлар меъёрий вазн билан туғилмаётгани, ўлик туғилиш ҳолати кенг тарқалганига эътибор қаратган.

– Шу сабабли шифокорлар ва доялар ҳам инсонпарварлик сулҳини истамоқда, – деди у.

Оналарнинг аҳволини тасвирлаган Аллен “Болалар мурдалар учун мўлжалланган халталарда эмас, оналари қучоғида бўлиши керак” деди.