Президент Жо Байден лавозимига киришгандан сўнг AҚШда озиқ-овқат нархи сезиларли даражада ошди, деб хабар берган «Fox Business» нашри.

Меҳнат статистикаси бюроси маълумотига кўра, инфляция туфайли баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари нархи уч йил олдингига нисбатан 21 фоиздан кўпроқ ошган.

Шу даврда сариёғ нархи 27 фоиз ошди. 2021 йил январь ойида сариёғнинг бир фунти ўртача 3,64 доллар эди, 2024 йил февралдан бошлаб 4,63 долларга етди.

Суяксиз товуқ гўшти 26, оқ нон 30 фоиз, шакар 68 центдан 98 центгача кўтарилгани қайд этилган.

Бунга бир неча сабаб кўрсатилмоқда: таъминот занжири узилиши, қорамол сони камайиши, қуш гриппи авж олиши ва глобал дон тақчиллиги.

Дўкон, омбор ва қайта ишлаш корхоналарида озиқ-овқат хизмати ходимлари иш ҳақи ошди, кўплаб корхоналар бу харажатни истеъмолчи зиммасига юклади.

Февраль ойидаги истеъмол нархи индекси маълумоти шуни кўрсатдики, уй-жой ва бензин ўтган ой инфляциянинг асосий омили бўлган.

Ижара харажати ҳар ой 0,4, ўтган йилга нисбатан 5,8, февраль ойида бензин нархи 3,8 фоиз ошди.

Умуман, ҳисоботда қайд этилишича, инфляция энг юқори чўққи – 9,1 фоиздан сезиларли даражада пасайган бўлса-да, Федерал захиранинг 2 фоизлик кўрсаткичи (январда 3,1)дан юқорилигича қолмоқда.

Иш яратувчилар тармоғи президенти ва бош директори Aльфредо Ортиз Байден маъмурияти сиёсатини ўйламасдан сарфлаш ва инфляцияни ўстиришда айблади.

Унинг фикрича, инфляция маошдан тез ошиб, турмуш даражаси пасаймоқда. Демак, Федерал захира фоиз ставкасини пасайтиришни кечиктириши мумкин. Бу кичик бизнес учун қарз олишни анча қийинлаштиради. Байден даврида нарх кўтарилиши барча америкаликлар ҳис қилаётган яшаш нархи ошишини кучайтирмоқда. Инфляция муаммосининг ягона ечими давлат харажатини зудлик билан сезиларли даражада камайтиришдир.

Г.Сатторова,  

ЎзА