АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессияси бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Сессия доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева нуфузли ташкилотлар раҳбарлари, турли давлатларнинг етакчи аёллари билан муҳим учрашувлар ўтказмоқда.

Навбатдаги учрашув БМТ Аёллар тузилмаси директори Сима Сами Бахус билан бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва БМТ Аёллар тузилмаси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, хусусан, ушбу ташкилотнинг мамлакатимиздаги фаолиятини янада фаоллаштириш, гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Гендер тенгликка эришиш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга тенг имкониятлар яратиш борасида Ўзбекистонда тизимли ишлар амалга оширилаётгани, бунда БМТнинг тавсиялари муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси БМТ Аёллар тузилмасининг бутун дунёда гендер тенгликка эришиш ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича 2022–2025 йилларга мўлжалланган стратегик режасига ҳамоҳанглигига алоҳида эътибор қаратилди.

С.Бахус БМТ Аёллар тузилмаси Ўзбекистонни минтақадаги асосий ҳамкор деб билиши, мамлакатдаги кенг кўламли ўзгаришлар ҳамда БРМни амалга оширишда фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканини қайд этди. Тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда хотин-қизларнинг иштироки масалаларида Тошкентнинг муҳим роли эътиборга олиниб, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.

– Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлашда эришган сезиларли ютуқларини ҳисобга олиб, мамлакатингизни минтақа давлатлари орасида гендер масалаларини ишлаб чиқишда боғловчи роль ўйнаши мумкин бўлган кўприк сифатида кўрамиз, дея таъкидлади С.Бахус.

Суҳбат якунида Ўзбекистон ва БМТ Аёллар тузилмаси билан амалий лойиҳаларни татбиқ этган ҳолда ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди.

***

Яна бир учрашув Эрон Ислом Республикасининг Хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича вице-президенти Энсиё Хазалий билан бўлиб ўтди. 

Маълумки, Ўзбекистон ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги алоқалар, айниқса, савдо-иқтисодий ва сиёсий мулоқотлар изчил ривожланиб бормоқда.

Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро тузилмалар доирасида шерикчиликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Олий даражадаги, шунингдек, икки давлат ҳукуматлари ва парламентлари ўртасидаги фаол ўзаро алоқалар мамлакатларимиз аёллари ўртасидаги ҳамкорлик учун муҳим платформа яратаётгани алоҳида қайд этилди.

Икки томонлама ҳамкорлик доирасида хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-маърифий ҳаётдаги иштирокини ошириш, жамиятдаги ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўшма лойиҳалар асосида бирлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Хусусан, илмий муассасалар ўртасида оила ва хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилиш ҳамда Ўзбекистон ва Эроннинг етакчи олий таълим муассасаларида талаба қизлар учун алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди.

***

Туркиянинг оила ишлари ва ижтимоий таъминот бўйича вазири Махинур Оздемир Гёкташ билан учрашувда давлатларимиз раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли бугун Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги қардошлик муносабатлари ўзаро ишонч асосида ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Мулоқот чоғида гендер тенгликни таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари билан ишлаш борасида ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Аёлларга нисбатан ва оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида ташкилий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича тажриба алмашиш мақсадида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси билан Туркия парламентининг Аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар қўмитаси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш таклифи илгари сурилди.

Конструктив ва амалий руҳда ўтган учрашув якунида хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини рўёбга чиқариш борасида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова, 

ЎзА