Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали ҳамда филиал ҳузуридаги Нукус ветеринария медицинаси техникуми ўқитувчилари ва ходималари ўртасида “Универсал келинжонлар” кўрик-танлови ўтказилди.

Аёлларнинг иродаси ва маънавий жасоратини янада кучайтириш, нозик хилқат эгаларини эъзозлаш, уларда эпчиллик ва зукколик ҳамда чаққонлик каби фазилатларни шакллантириш, ҳар томонлама универсал ва замонавий бўлишга ўргатиш мақсадида ташкил этилган ушбу танловда жами 6 нафар иштирокчи 4 та шарт бўйича беллашди. Ҳакамлар ҳайъатининг якуний натижасига кўра, фахрли биринчи ўринни Зооинженерия кафедрасининг ассистент-ўқитувчиси У.Жолдасова, иккинчи ўринни Нукус ветеринария медицинаси техникуми махсус фан ўқитувчиси Х.Сатбаева ҳамда учинчи ўринни филиал Ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси Г.Арзимбетова эгаллади.

– Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ташкил этилган тадбир барчада катта таассурот қолдирди, – дейди филиал директорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Г.Казахбаева. – Шу каби танловлар хотин-қизларнинг янада самарали фаолият юритишида муҳим аҳамият касб этади.

Танлов иштирокчиларига ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири