Сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш бўйича талабларни кучайтириш зарур

95

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2023 йилда республика бўйича жами 413,1 минг гектар майдонда, шундан 77,3 минг гектарда томчилатиб, 25,4 минг гектарда ёмғирлатиб, 13 минг гектарда дискрет, 74,7 минг гектар майдонда бошқа турдаги сув тежовчи технологиялар жорий қилинган.

Аммо шунинг баробарида экин майдонларининг асосий қисмида ҳанузгача эскича услубдаги суғориш тизими қўлланилиб келинаётгани ҳамда сувни тежайдиган технологияларни қўллаш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмагани натижасида асосий манбалардан олинадиган сувнинг 35–40 фоизи суғориш тармоқларида йўқолмоқда. Фермер хўжаликларининг суғориш тармоқлари асосий қисми тупроқ ўзанли бўлиб, уларда сувнинг фильтрация ҳисобига йўқолиш салмоғи юқорилигича қолмоқда.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан 22 март — “Бутунжаҳон сув ресурслари куни”га бағишланган “Сув ресурслари ва улардан фойдаланишдаги устувор вазифалар” мавзусидаги давра суҳбатида айтиб ўтилди.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Х.Ғаффоров сув танқислиги йилдан-йилга кескин тус олаётгани, бу борада юртимизда муайян чоралар кўрилаётгани, жорий йилги Давлат дастури билан сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши бўйича 2024 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси тасдиқланганини таъкидлади.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, ўтган йили жами 413,1 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. 222,7 минг гектар экин майдонлари лазер ускунаси ёрдамида текисланиб, сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонларнинг умумий кўрсаткичи 1,3 миллион гектарга етказилган.

Тадбирда сўз олганлар республика ҳудудида шаклланадиган сув ресурслари трансчегаравий дарёларга боғлиқлиги, иқлим ўзгариши, сувга бўлган эҳтиёжнинг ортиши сув танқислиги келиб чиқишининг олдини олиш борасида кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришни тақозо этаётганини таъкидлади. Маълумотларга кўра, сўнгги 15 йилда ёғингарчилик 25 фоизга қисқарган. Ёзда эса ўта иссиқ кунлар давомийлиги ортгани масаланинг янада долзарблигини кўрсатади.

Давра суҳбатида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида мутасадди вазирлик ва идораларга сув ҳавзалари ва ер ости сув захираларини муҳофаза қилиш бўйича талабларни кучайтириш, трансчегаравий сув ресурсларидан халқаро меъёрлар асосида, минтақанинг барча давлатлари манфаатларини инобатга олган ҳолда фойдаланиш, сувнинг ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизимини жорий этиш, сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш, насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ҳамда муқобил энергияга ўтказиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА