Президент Шавкат Мирзиёев 14 март куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига ташриф буюриб, аҳолининг яшаш шароитлари билан танишди.

Сафар асносида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров билан самимий суҳбатлашди. Мулоқотда диний-маърифий йўналишлардаги ишлар, муборак Рамазон ойининг фазилатлари ҳақида сўз борди.

Маълумки, 11 март куни бутун ислом уммати қатори юртимиз мусулмонлари ҳам бу қутлуғ ойни хурсандчилик билан кутиб олдилар. Рўзадорлар мамлакатимиздаги тинчлик ва фаровонлик шарофатидан ибодатларини эмин-эркин адо этмоқда, бунинг учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтмоқда. Масжидларда Қуръони карим хатм этилиб, халқимизга осойишталик, файзу барака тилаб дуолар қилинмоқда.

Муфтий бу улуғ айёмда сабр-қаноат, хайру саховат фазилатлари зиёда бўлишини, юртдошларимиз буни ҳис қилиб, савоб амалларни кўп қилаётганини айтди.

Президентимиз бу ойни юксак даражада ўтказиш, юртимиздаги тинчликни қадрлаш ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича ўз фикрларини билдирди. Инсон қадрини улуғлаш мақсадига мувофиқ, халқимиз манфаатларини таъминлаш, муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш давом эттирилишини айтди.

Тадбиркорликни ривожлантириш, томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали қишлоқ аҳолиси турмушини юксалтириш муҳимлиги таъкидланди. Ёшларни билим-маърифатли ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, уларни ўқишга, меҳнатсеварликка ундашнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашилди.

Дастлаб тумандаги Иттифоқ маҳалласида томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар раҳбарлари, 208 та туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, банклар ва маҳаллалар вакиллари қатнашди. Давлатимиз раҳбари одамлар яхши яшашга интилаётгани, уларга маблағ ва кўмак бериб, даромад манбаи яратиш зарурлигини таъкидлади.

– Тадбиркорлик, бандлик, камбағалликдан чиқаришга катта маблағлар ажратаяпмиз. “Маҳалладаги еттилик”ни нима учун ташкил қилдик, камбағалликдан чиқариш тизимини нимага хонадонгача олиб бордик? Мақсадимиз – томорқани ишлатиб, хонадонда ишлаб чиқариш қилиб, кўчада хизматларни кўпайтириб, ҳар сотихдан 1-2 миллион сўм даромад топишга ўргатиш– деди давлатимиз раҳбари.

Лекин Сайхунободда натижалар бундай эмас. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва инвестициянинг тумандаги тизими етарлича ишламаяпти, тадбиркорлик ўсмаяпти.

Шу боис Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, Сайхунобод тумани ҳокими ва бошқа бир қатор раҳбарлар вазифасидан озод қилинди.

Йиғилишда Сайхунобод тумани мисолида ҳудудлардаги муаммолар ва фойдаланилмаётган имкониятлар кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, давлат томонидан банкларга катта ресурс ажратилаяпти. Ўтган йили маҳалладаги тадбиркорлик учун Сайхунободга 120 миллиард сўм берилган. Туман тадбиркорлари солиқдан 85 миллиард сўмлик имтиёз олган.

Лекин бунинг самараси шунга яраша эмас. Хусусий секторда яратилган расмий иш ўрни бор-йўғи 968 тага кўпайган. 2023 йилда туманда 167 та янги тадбиркор пайдо бўлган бўлса, шунинг ярми ҳали иш бошламаган.

Банклар фақат қайтимни ўйлаб, осон йўл билан ресурсларни доимий мижозига бераяпти. “Мен ҳам тадбиркор бўлай, маҳаллада иш ўрни яратай”, деган оддий одамлар четда қолиб кетаяпти. Камбағалликни йўқотиш учун уларга тайёр лойиҳа берилмаяпти.

Ўтган йили Сайхунободда саноат ҳажми ҳам ўсмаган. 19 та маҳалладан 16 тасида юқори қўшилган қиймат яратадиган бирорта ишлаб чиқариш йўқ. Тайёр инфратузилмаси бор 16 та бино ва иншоот сотилмай турибди. Хомашё тайёрлаш, борини қайта ишлаш, одамларни маҳсулот ишлаб чиқаришга ўргатиш ва кооперация қилиш бўйича ташаббуслар йўқ.

Туманнинг энг катта захираси ҳам, имконияти ҳам – ер. Сайхунобод аҳоли томорқаси 20 сотихдан ортиқ бўлган 26 та тумандан бири. Томорқаларда асосий экин беда билан макка бўлиб қолган. Сархил мева-сабзавотлар етиштириб, даромад олиш, экспорт қилиш йўлга қўйилмаган.

Сайхунободнинг 19 километр ҳудудидан Сирдарё оқиб ўтгани учун “сув текин” деган тушунча ўрнашиб қолган. Атиги 22 фоиз ерларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Шоличилик фермер хўжаликлари лазерли текисланмаган. Каналларни бетонлаш режаси тўлиқ бажарилмагани оқибатида 9 та маҳалладаги 5 минг гектар ерга сув кам бораяпти.

Йиғилишда бу муаммоларни ҳал этиш ва ишсизликни камайтириш чоралари муҳокама қилинди.

Аввало, Сайхунободдаги 17 мингта хонадондаги томорқани ишга солиш, кичик саноат ва хизматларни йўлга қўйиш орқали аҳолини даромадли қилиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун банклар ҳоким ёрдамчилари билан бирга 19 та маҳалла ва 794 та кўчани номма-ном бўлиб олиб, “драйвер” йўналишлардан келиб чиқиб, ҳар бирига техник иқтисодий асос ишлаб чиқади.

Сайхунободда илк бор янги тажриба қилиниб, 19 та маҳалланинг ҳар бирига биттадан мини трактор, 4 тадан мотокультиватор олиб берилди. Эндиликда ҳоким ёрдамчилари “1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад” деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқади. Маҳалладаги агрономлар билан бирга томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатади. Бу тажриба бутун республикада оммалаштирилади.

Томорқада етиштирилган маҳсулотни сотиб олиш тизимини йўлга қўйиш ҳам муҳим масала. Шу мақсадда туманда экспортга кўмаклашувчи корхона очилиб, уставига 1 миллиард сўм киритилади. Бу корхона 4 минг хонадонга серҳосил қовоқ, мош, ловия, розмарин, брокколи, тимьян уруғларини етказади, етиштирилган маҳсулотни сотиб олиб, экспорт қилади.

Бундан ташқари, маҳаллада сотиб олишни йўлга қўйган экспортчи, илғор тадбиркорларга 300 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача грант берилади.

Тумандаги 19 та маҳалланинг ҳар бирида 10 тадан хонадонда намунавий интенсив боғ яратилади. Кооперация асосида уларга эскпортчилар боғланиб, 2 минг тонналик сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш мажмуалари ташкил этилади. Ҳар бир намунавий хонадон эса келгусида қўни-қўшниларини ҳам бунга ўргатади. Бунинг учун ҳоким – боғ эгаси – банк ўртасида уч томонлама шартнома тузилади.

Мебель корхоналари учун терак етиштириш имконияти ҳам бор. Шу боис тумандаги 98 километр каналлар ва дренаж тармоқлари атрофидаги 100 гектар бўш ерлар кооперация асосида 500 та хонадонга терак экиш учун бўлиб берилади.

Сайхунободда саноат усулида йилига атиги 60 минг парранда етиштирилаяпти. Бу жуда кам. Шу боис 4 та йирик паррандачилик фермаси ташкил этилиб, 2 мингта хонадон билан кооперация йўлга қўйилади. Натижада хонадонларда йилига 10 миллион парранда боқилиб, қўшимча 22 минг тонна парранда гўшти етиштириш мумкин бўлади.

Шунингдек, Сирдарё оқиб ўтадиган маҳаллаларда сунъий ҳавзалар қуриб, балиқ етиштиришни кўпайтириш, томорқаларга уя тарқатиб, асал экспортини йўлга қўйиш вазифалари кўрсатиб ўтилди.

Чорвасини кўпайтириш истагидаги оилаларга 400 гектар ер озуқа учун берилади. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида қорамол, қўй ва эчки олиш учун 33 миллион сўм имтиёзли кредит гаровсиз, нақд пулда берилади. Бу орқали тумандаги 1,5 минг хонадонга чорвани кўпайтириш учун шароит яратилади. Бундай маҳаллаларда сутни йиғиш шохобчалари ишга туширилади.

Хонадонларда кичик ишлаб чиқаришни ташкил қилишга кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда туманда тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилашга 60 миллиард сўм берилади. Бўш турган 21 та иншоотга инвесторлар жалб қилиниб, фойдаланишга киритилади. Фаровон маҳалласида 35 гектар майдонда кичик саноат зонаси ташкил қилиниб, камида 100 миллион долларлик саноат лойиҳалари бошланади.

Давлатимиз раҳбари Сайхунободда ўтган йили бирорта кўп қаватли уй қурилмаганига тўхталиб, бу бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.

Умуман, бу тизим орқали Сайхунободдаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча, ҳар бир хонадон қамраб олиниши таъкидланди. Мутасаддиларга ушбу янги тизимни республиканинг барча 9 минг 452 та маҳалласида йўлга қўйиш топширилди.

– Бу йил иқтисодиётимизда ҳаётий уйғониш ва юксалиш йили бўлади. Бунинг учун жойлардаги мутасаддилар фидойилик билан ишлаб, ҳаммани уйғотиши керак– деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда ҳокимлар ва сектор раҳбарлари, иқтисодий комплекс вакиллари, маҳалла раисларининг ҳисобот ва таклифлари эшитилди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Иттифоқ маҳалласидаги томорқа ва уй хўжаликларидаги омилкорлик билан танишди.

Мамлакатимизда долзарб масалалардан бири – бандлик. Иқтисодий ислоҳотлар ёки ҳудудий дастурлар бўлсин, барчасининг замирида иш ўринлари очиш, аҳоли ҳаётини яхшилаш мақсади мужассам.

Буларнинг натижасида сўнгги йилларда 2 миллион 400 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилди. Қарийб 2 миллион одам камбағалликдан чиқарилди. “20 минг тадбиркор 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида 455 минг аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича шартномалар имзоланди. Маҳаллабай асосда 51 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, 206 мингта янги иш ўрни яратилди. Ишсиз фуқаролар “Ишга марҳамат” мономарказларида замонавий касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитилмоқда.

Жорий йилги Давлат дастурида 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш белгиланган. Шундан 2 миллиондан зиёди қишлоқ хўжалиги ва томорқачилик соҳасига тўғри келади.

Шу йил 7 март куни давлат раҳбари ҳузурида ўтган йиғилишда маҳаллалардаги имкониятларни ишга солиб, оилаларга даромад манбаи яратиш тизими муҳокама қилинган эди. Бунда энг қулай ва ҳаммабоп имконият томорқадан фойдаланиш экани таъкидланди.

Президентимиз ҳар доим мамлакат миқёсидаги дастурларни, хайрли ишларни энг оғир туманлардан бошлаш кераклигини айтади. Бундан мақсад, аввало, ўша ердаги шароитни яхшилаб, одамларнинг оғирини енгил қилиш ҳамда, шунинг баробарида, бундай туманларда нималар қилиш мумкинлигини амалда кўрсатишдир.

Сайхунобод тумани ҳам ана шундай оғир ҳудудлардан бири. Маҳаллий бюджет харажатининг 60 фоизи юқори турувчи бюджетдан ҳал бўлаяпти. Сабаби тадбиркорлик ўсмаяпти. Туманда 2 минг 400 та ишсиз бор. Камбағаллик даражаси ҳам юртимиздаги ўртача кўрсаткичдан юқори.

Тумандаги Иттифоқ маҳалласида 6 минг 672 нафар аҳоли яшайди. Учта мактаб, учта болалар боғчаси, поликлиника, ўнлаб тадбиркорлик ва фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Лекин бу бандликни тўлиқ таъминлаш учун етарли эмас. Меҳнатга лаёқатли 100 киши ишсиз. Хорижда ишлаётганлар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳам бор. Ўтган йили аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун 140 та лойиҳага кредит берилган. 137 кишига деҳқончилик қилиш учун узоқ муддатга ер ажратилган.

Аслида, туман аҳолисига қўшимча ер ажратиш шарт эмас. Чунки Сайхунобод томорқалар 20 сотих атрофида бўлган 26 та тумандан бири. Шундан ҳам тўла фойдаланилмаяпти. Асосий экинлар беда билан макка бўлиб қолган.

Жумладан, Иттифоқ маҳалласида умумий томорқа майдони 185 гектар. Тумандан Сирдарё оқиб ўтгани учун сув ҳам яхши. Лекин сархил маҳсулотлар етиштириб, рўзғорга барака киритиш суст. Хусусан, Фарғона водийси вилоятларида 6 сотих томорқадан олинаётган даромад бу ердаги катта томорқалар маҳсулдорлигидан бир неча баробар кўп.

Шу боис Сайхунобод томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш бўйича намунага айлантирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 мартда қабул қилинган “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида катта имкониятлар белгиланди. Жумладан, 2024 йилда экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш, аҳолининг бу соҳадаги билим ва кўникмаларини ошириш учун 54 та туманда намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Шундай намунавий томорқалар Иттифоқ маҳалласида ҳам ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари ушбу хонадонларни кириб кўрди.

Масалан, Рисолат Ғуломова хонадонининг 14 сотих томорқасида шу пайтгача сабзи, саримсоқ пиёз экилиб, ернинг ўттиз фоиз имкониятидан фойдаланилган.

Ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар кўмагида томорқага олма ва ток кўчатлари, уларнинг орасига турли кўкатлар экилди. Бунга қўшимча товуқ, қуён, асалари ва соғин сигир боқиш йўлга қўйилди.

Бугун юртимизда ёқилғисиз исийдиган иссиқхоналар барпо қилиш оммалашиб бораяпти. Давлатимиз раҳбари бу тажрибани маъқуллаб, уларни кўпайтириш, деҳқонларга тайёр ҳолда қуриб бериш зарурлигини айтган эди. Рисолат ая хонадонига ҳам икки сотихли иссиқхона қуриб берилди. Унга 30 туп лимон, қатор ораларида эса помидор ва қулупнай экилди.

Давлатимиз раҳбари шу ерда томорқа эгалари, маҳалла фаоллари билан суҳбатлашди.

– Халқимиз ўз ҳаётида сезиши учун ҳамма ишларни маҳаллада ташкил қилаяпмиз. Энди давлат идораларининг бутун имкониятларини ҳар бир кўчага, хонадонга олиб кирамиз. Масалан, маҳаллага бириктирилган банк маблағ бериш билан бирга одамларнинг дунёқарашини ҳам ўзгартиради. Мақсадимиз халқнинг даромадини ошириш, бой қилиш. Албатта, осон бўлмайди. Бу машаққатли меҳнат, тинимсиз изланиш, янги-янги ғоялар дегани. Лекин бажарса бўлади. Мезон битта – иқтисодий комплекс халқнинг дарди билан яшайди, – деди Президент.

Маҳалла фаоллари аҳоли, умуман, сайхунободликлар томорқадан бундай кенг фойдаланишга катта қизиқиш билдираётганини айтишди. Мутасаддилар бу тажрибани кенгайтиришга, томорқа эгаларига кўмаклашиб, маҳаллаларни ишсизликдан холи қилишга ваъда берди.

Президент шу ерда оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берди.

Шу билан давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбирлари